Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов «Толибон» ҳукуматининг Россия томонидан тан олиниши шартларини айтди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Маълум қилинишича, сиёсатчи, аввало, Россия Афғонистон ҳукуматида мамлакатдаги барча этник ва сиёсий гуруҳлар вакиллари бўлишини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Биз нафақат этник, балки этносиёсий инклюзивлик тарафдоримиз, бу бизнинг расмий ва ҳозирда мустаҳкамланган аниқ позициямиз», — деган у.

Қобуловнинг қайд этишича, Россия инсон ҳуқуқлари тарафдори. Бундан ташқари, Кремль Афғонистондаги қизлар ва аёлларнинг таълим олиши, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига киришишидан манфаатдор.

«Россия раҳбарияти бундай талабларнинг маълум пакети бажарилганини англаганида, Кремль ўз қарорини қабул қилади», — деган ТИВ вакили.

Маълумот ўрнида, «Толибон» расмийси ҳаракат Москвада элчихонасини очмоқчи эканини эълон қилган. Бу дипломатик алоқалар ўрнатишда муҳим деб эътироф этилган.

Аввалроқ Қобулов «Толибон» ҳаракатини террористлар рўйхатидан чиқариш шартини айтганди. Шунингдек, Россия ТИВ Кобул эгалланишига муносабат билдирганди.