Америкаликлар билан ҳамкорлик қилган ироқлик таржимон Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг ҳибсга олиниши тафсилотларини аноним тарзда ошкор қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «CNN»

Маълум қилинишича, ироқлик таржимон АҚШ ҳарбийлари билан бирга бўлиб, Ҳусайнни ҳибсга олиш операциясини ўтказган. У иш бошлаганидан тахминан саккиз ой ўтгач, улар Ҳусайннинг қаерда экани ҳақида махфий маълумотларни олган. «Бу жой фермада, Дажладан бир неча метр узоқликда — 50 метр ёки ундан ҳам яқинроқда, Эл Маабар ҳудудида жойлашган эди», — дейди таржимон.

Таъкидланишича, Ҳусайннинг қаерда эканини унинг қўриқлаш хизмати ходими бозорлардан энг яхши товарлар — «айрим маркадаги товарлар»ни харид қилгани орқали аниқланган. Воқеа жойига Америка махсус кучларининг отряди юборилган ва у ерга қўшин жойлаштирилган.

«У ердан бир неча киши олиб кетилди. Уларни олиб чиқиб кетишганидан сўнг мен улар қандай одамлар эканини сўрадим. Менинг офицерим бу президент Саддам Ҳусайн ва уни ҳибсга олиш учун юборилган махсус кучлар экани, ҳатто бизга яқинлашиш ҳам тақиқланганини маълум қилди», — дейди таржимон.

Қайд этилишича, собиқ президент вертолётда эвакуация қилинган. Махсус операция содир бўлган жойда яъни Ҳусайн бўлган фермада улар уйқуни қўзғатувчи кукун пуркаган. Ҳусайн яширинган эни 3,5 метр, узунлиги тахминан 4 метр бўлган жойда иккита каравот бўлган.

Собиқ президентнинг буюмлари орасида икки жуфт ортопедик пойабзал, қимматбаҳо кийим-кечак, парфюмерия ва шахсий буюмлар — президентнинг қўл соати, оиласининг бир нечта фотосуратлари, бўш магнитофон, ўзи ёзган аудиоёзувлар, шунингдек, қимматбаҳо нарсалар, хусусан, шахсий револьвер (қурол) бўлган.

Ҳусайннинг кўплаб шахсий буюмлари ва ҳатто озиқ-овқатларини ҳарбийлар эсдалик сифатида олиб кетган. Собиқ таржимон, шунингдек, операциядан кейин фермада апельсин дарахти кўчатлари, тўтиқушлар, қорамоллар, қаровсиз итлар кукун туфайли ўзига хос оқ модда билан қоплангани, ҳайвонларнинг ҳаммаси нобуд бўлганини эслаган. Кукун яна икки-уч кун тургани, кейин эса ғойиб бўлгани қайд этилган.

Маълумот учун, Ироқда 2003 йил апрель ойида АҚШ бошчилигидаги Ироққа қарши коалициянинг бостириб кириши натижасида ҳокимият қулаган. Босқинчи ҳокимият ўша пайтдаги ҳукмрон Баас партиясини тарқатиб юборган ва Ироқ армиясини тузган. Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн ўша йилнинг декабрь ойида ҳибсга олинган, сўнгра мамлакатнинг янги ҳокимиятига топширилган ва 2006 йилда қатл этилган.

Аввалроқ Эрон ядрочи олимининг ўлдирилиши тафсилотлари маълум қилинганди. Шунингдек, саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига оид қўшимча маълумот берилган.