Самарқанд «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси мансабдорларнинг аҳоли томонидан электр таъминотидаги узилишлар бўйича билдирилган фикрларига қўпол муносабатда бўлгани танқид қилинган эди. Корхона раҳбари Ғанишер Маматқулов ҳолат бўйича аҳолидан узр сўради.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, 30 декабрь куни акциядорлик жамияти раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида корхона раҳбари мазкур ҳолатга муносабат билдириб, «Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига қўпол муносабатда бўлган шахсларга нисбатан тегишли интизомий чора кўрилди. Лекин бу нохуш ҳолат учун мен ўзим аҳолидан узр сўрайман», — деган.

Матбуот анжуманида айни пайтда электр таъминотидаги узилишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. «Узилишларнинг асосий сабаби ‘Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари’ акциядорлик жамияти томонидан қўлланилаётган чекловлардир. Миллий электр тармоқлари томонидан вилоятимиздаги истеъмолчиларнинг куз-қиш мавсумида электр энергияси истеъмоли 17 750 киловатт/соат қилиб белгиланган. Аммо бугунги истеъмолимиз 21 минг киловатт/соатгача бўлиши керак. Шу сабабли жамиятнинг топшириғига асосан ишлаб чиқилган махсус жадвалга асосан вилоят истеъмолчиларига нисбатан бир соатда 355 минг киловатт/соат чеклов қўлланилмоқда», — деган Маматқулов.

Аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» қуёш панеллари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.