Тошкент шаҳри тиббиёт муассасаларига 29 декабрь куни уюштирилган пресс-тур давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг Сall-марказига ўтган йилги пандемия ҳолатига қараганда чақирувлар сони анча камайгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Марказ бўлими мудири Насиба Маҳмудованинг сўзларига кўра, ҳозирда кунига 3000 га яқин чақириқ келмоқда. Мурожаатлар учун бригадалар сони етарли ва мурожаатчилар кутиб қолмаётгани таъкидланди. Шунингдек, Call-марказ катта оператори Фарҳод Нуров пандемия даврида кунига қанча чақириқлар келиб тушганини айтди.

«Ҳозирда кунига 3000 атрофида мурожаат келиб тушяпти. Пандемия билан боғлиқ давр сусайгани учун шундай бўляпти, пандемия давридан олдин 5000 ва ундан ортиқ чақириқлар бўларди.

Ҳозирги кунда 203 та бригадамиз бор, 203 та автомобиль ҳамда врач, фельдшер, ҳайдовчи ходимлар бор. Марказда 200 га яқин диспетчерлар ишлашади, навбатчилик билан. Бир навбатчилик вақтида 40 та ходим ишлайди. Тез ёрдам кўчма бригадалари шаҳарнинг турли қисмларида жойлашган, чақирувчининг манзили, чақирув сабабига қараб етиб келади. Масалан, доимий равишда қон босими ошиши кузатиладиган беъмор ва автоҳалокат жойидан бир вақтда чақирув тушса, бўш бригадани аввал иккинчисига юборамиз», — деди у.

Келтирилишича, ҳозирда республикада умумий 2865 та тез тиббий ёрдам бригадаси мавжуд бўлиб, чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 8–12 дақиқани ташкил қилмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам хизмати мутасаддилари сўзларига кўра, 2016 йилда тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 500 сўмни ташкил этса, айни пайтда ушбу кўрсаткич ўртача 6500 сўмга кўтарилган.

Аввалроқ Президент қарори билан 1000 та тез тиббий ёрдам махсус транспорти харид қилиниши айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматида янги тизим йўлга қўйилиши хабар қилинганди.