Туркияда археологлар тахминан 3600 йил олдин цунами оқибатида ҳалок бўлган эркак жасадини топди. Бу ҳақда «National Geographic» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, у Тера вулқонининг отилишидан кейин пайдо бўлган цунами қурбони бўлган. Мазкур вулқон Грециянинг Санторини оролида уйғонган. У Юнонистон жануби ва Туркия жануби ўртасида жойлашган. Олимлар Теранинг кучли отилиши милоддан аввалги 1500–1600 йиллар оралиғида содир бўлганини аниқлаган. Айнан шу вулқон Крит оролида мавжуд бўлган Миной цивилизацияси таназзулига сабаб бўлган.

Вулқон отилиши содир бўлган ҳудудда кўллар юзага келган. Шу билан бирга, инсоният ҳали бу цунами ҳақида кўп далиллар тўплай олмаган. Бунга унинг қирғоқда ўз изини қолдирмагани сабаб бўлган. Жумладан, жасадлар ва бошқа қолдиқларни денгиз ювиб кетган.

Таъкидланишича, эркак Тера вулқони отилиши сабаб юзага келган цунамининг биринчи қурбони бўлган. Суяклар Туркия ғарбидаги Чешме кўрфазининг соҳилларида топилган. Бу ҳудуд қазилмаларнинг жойлашуви билан машҳур ҳисобланади. У ерда бир неча йиллардан бери қазиш ишлари олиб борилган. Шу билан бирга, цунами содир бўлгани ҳақидаги далиллар яқинда топилган. Тадқиқотчилар ҳудудда ёш йигитнинг суяк қолдиқларидан ташқари итнинг қолдиқларини ҳам аниқлаган.

Фото: «National Geographic»
Фото: «National Geographic»
Фото: «National Geographic»

Аввалроқ Африкада энг қадимги одам суяги топилганди. Шунингдек, Латвияда вабодан вафот этган илк одам суяклари аниқланган.