«UzAuto Motors» Озарбайжонда «Damas», «Labo», «Lacetti», «Tracker» ва «Malibu» автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «UzAuto Motors» ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 28 декабрь куни компаниянинг Ҳажигабул (Озарбайжон) шаҳридаги ишлаб чиқариш линияси ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг иккинчи босқичига ўтган. Ишлаб чиқариш «Azermash CP» заводининг ишлаб чиқариш қувватида йўлга қўйилган бўлиб, у ерда 2021 йилнинг сентябрь ойидан буён «Chevrolet Nexia» va «Cobalt»  автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Барча маҳсулотлар «General Motors» (АҚШ) томонидан ўрнатилган жаҳон стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилади.

Фото: «UzAuto Motors» ахборот хизмати

Маълумот учун, Боку шаҳри яқинида жойлашган Ҳажигабул саноат квартали таркибига кирувчи «Azermash CP» «Автосаноат инвест» МЧЖ (Ўзбекистон) ва «Sta insaat» МЧЖ (Озарбайжон) томонидан ташкил этилган қўшма компания ҳисобланади.

Ушбу йўналишда кейинги қадам Озарбайжондаги «Chevrolet» автомобиллари портфолиосини янги перспектив автомобиль моделлари билан тўлдириш, шунингдек, келгуси йилларда ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ошириш: 2022 йил охирига келиб йилига камида 5000 та автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эришиш режалаштирилган.

Фото: «UzAuto Motors» ахборот хизмати

Лойиҳа томонлар ўртасида 2021 йил 21 июлда имзоланган келишув туфайли амалга оширилган. Қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи 2019 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёевнинг Бокудаги расмий ташрифи вақтида Туркий кенгаш саммити доирасида эълон қилинган.

Аввалроқ «UzAuto Motors» ўз «Tracker» автомобилини ишлаб чиқармоқчи эканини маълум қилганди. Шунингдек, компания носозликларни текшириш учун сотилган янги автомобилларни қайтариб олган.