11:33 | 30.12.21 111

Хитой Ҳиндистон билан чегарада роботлаштирилган қуроллар жойлаштирди

Уларнинг вазифаси нимадан иборат экани маълум қилинди

Хитой Ҳиндистон билан чегарадош Тибетда роботлаштирилган қуроллар жойлаштирди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, Хитой ҳукумати Ҳимолай тоғларида об-ҳаводаги ўзгаришлар туфайли қийинчиликка дуч келган ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш учун Ҳиндистон билан чегара яқинида роботлаштирилган жанговар бўлинмаларни жойлаштиришга қарор қилган.

Таъкидланишича, Хитой халқ озодлик армияси ҳимоясига 88 та «Sharp Claw» учувчисиз мобил пулемёт қурилмаси ва 120 га яқин «Mule-200» учувчисиз таъминот воситасини жўнатган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг май ойида Хитой ва Ҳиндистон давлат чегарасидаги Ладах тоғли ҳудудида тўқнашув юзага келган, оқибатда икки томондан қурбонлар бўлган. Ҳиндистон ва Хитой бу ҳудудга оғир артиллерия, танк ва самолётларни жойлаштирган. Февраль ойида ҳарбий ва дипломатик даражадаги бир қатор музокаралардан сўнг Пекин ва Нью-Деҳли чегара чизиғидан қўшинларни ўзаро олиб чиқишни бошлаган, аммо бу ҳали ҳам якунланмаган.

Аввалроқ Хитой Ҳиндистон билан чегарада вертолёт базалари қўраётгани маълум қилинганди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги уруш эҳтимоли баҳоланган.