Хитойнинг Цзинси шаҳрида карантин қоидаларини бузганлар учун «шарманда йўлаги» ташкил этилди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Кадр: Youtube

Маълум қилинишича, полиция оломон кўз ўнгида карантин қоидаларини бузганларни шаҳар кўчалари бўйлаб олиб юрган. Уларнинг бўйнида «айбдор»нинг сурати ва исми ёзилган плакатлар илинган. Айбланувчилар ниқоб ва кимёвий ҳимоя кийимида, полиция ходимлари ҳам махсус кийимда ва қалқонли бўлган. Атрофдаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим ходимлари қуролланган.

Таъкидланишича, бу шахслар пандемия сабабли Хитой чегаралари, асосан, ёпиқлигича қолаётган бир пайтда ноқонуний муҳожирларни олиб ўтишда айбланган. Қоидабузарлар чўчқалар учун мўлжалланган юк машинасига ўтқазилиб, қаергадир олиб кетилган.

Оммавий қоралаш амалиёти Хитойда жуда кенг тарқалган, аммо 2010 йилда бекор қилинган. Бироқ пандемия бошланиши ва фуқароларнинг карантин қоидаларини бузиши билан жазолашнинг бу тури тикланган.

Аввалроқ канадалик мутахассислар «омикрон» штами билан касалхонага ётиш хавфи «дельта»га қараганда 54 фоизга пастлигини аниқлаганди.