Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ижтимоий тармоқда тарқалган, ЙПХ ходими томонидан тиббий ниқоб тақиш мажбурий эмаслиги айтилган видео юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Малум бўлишича, 30 декабрь куни соат 10:30 да Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 143-километрида ЙПХ ходими И.Ҳ. томонидан «Lacetti» русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Ўзаро мулоқот жараёнида ушбу автомобиль йўловчиси томонидан ЙПХ ходими тиббий ниқоб тақмагани бўйича эътироз билдирилган. Ходим тиббий ниқоб тақиш мажбурийлиги бекор қилинганини таъкидлаб, фуқарога нотўғри маълумот етказган.

«Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси томонидан тиббий ниқобни тақиб юриш мажбурий эмаслиги бўйича ҳеч қандай қарор эълон қилинмаган», дейилади хабарда.

Ҳозирда ЙПХ ходимига нисбатан Тошкент вилояти ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими ва «мойка» ишчиси жанжаллашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган инспекторга қаттиқ ҳайфсан берилган.