«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ собиқ раҳбари Муратбай Базаримбетов 2020 йил  24 декабрь куни пора олганликда гумонланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланганди. Вилоят судининг маълум қилишича, собиқ бош директор 8 йилга қамалди.

Фото: «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари»

Маълум бўлишича, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида бош директори лавозимида ишлаган Базаримбетов ва жамиятнинг давлат ва шартномавий хизматларни кўрсатиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган К.Б.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судининг 2021 йил 9 июлдаги ҳукми юзасидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилган.

Биринчи инстанция судининг ҳукмига кўра, собиқ раҳбарга Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми «а» банди билан кодекснинг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 57-модда қўлланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, Тупроққалъа тумани Соримой посёлкасида янгидан ташкил қилинаётган «B.A.M.» МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси учун ўрнатиладиган трансформатор пунктини 6–10 киловатли электр линиясига яқин таянчдан улаб бериш бўйича мурожаат қилганидан фойдаланиб, К.Б. тадбиркорнинг ушбу мурожаатини натижаси тўғрисида сўраган З.А.га ишини ижобий ҳал қилиб беришини, бунинг эвазига тадбиркордан 15 000 доллар олиб беришини айтган.

К.Б. Хонқа туман ҳудудида З.А.дан «Nexia 3» русумли автомашинаси салонида 15 000 долларни Базаримбетовга пора тариқасида олиб бориб бериш учун олган вақтида ушланиб, пора олиш жиноятини содир қилишда иштирокчилик қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан давом эттирилган тадбир натижасида собиқ раҳбар ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда К.Б. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, З.А.дан К.Б. орқали 15 000 долларни тамагирлик йўли билан пора тариқасида олган вақтида ушланган.

Маълумот учун, Базаримбетов — 1969 йил Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида туғилган, миллати қорақалпоқ, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, оилали, 4 нафар фарзанднинг отаси. К.Б. — 1991 йил Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси.

Аввалроқ Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов 7,5 йилга қамалганди. У 2018 йилда лавозимга тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилган.