Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди
Унга монополияларни қисқартириш, пенсияларни ошириш, халқ таълими ва бошқа ижтимоий соҳаларга оид режалар киритилган
Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қайд этилишича,бу лойиҳа билан Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби ҳамда «Йўл харитаси» тасдиқланади. Фармон лойиҳаси билан қуйидаги муҳим тадбирларни келгуси йилларда амалга ошириш режалаштирилган:
- пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн баробардан ўн икки баробаригача ошириш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш;
- пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш;
- ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи-тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш;
- иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополияларни тугатиш;
- нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини даромад солиғидан озод этиш ва бошқалар.
Келтирилишича, фармон лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилган ва фуқаролар лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдиришлари мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилаётгани айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қанча табиий монополия борлиги хабар қилинганди.