Тошкентдаги Миллий матбуот марказида 30 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мудофаа вазирлиги вакиллари «Global firepower» порталидаги Ўзбекистон армияси қудрати ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Дунё давлатларининг ҳарбий салоҳияти тўғрисида турли манбалардан маълумот йиғиб, рейтинг тузувчи «Global firepower» платформаси октябрь ойида эълон қилган рейтингида Ўзбекистон ҳарбий қудрати жиҳатидан дунёда 51-поғонада кўрсатилганди.

Қайд этилишича, мудофаа вазирининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси полковник Баҳром Зулфиқоров бундай манбаларда кўрсатилган маълумотлар ишончсиз эканини таъкидлаган.

«Интернетда берилаётган масалалар бўйича, у сайтлар бераётган маълумотлар ишончли бўлмайди. Маълумотлар бор, (улар) ёпиқ, бу маълумотлар уларнинг тасаввуридаги бўлиши мумкин. Биз мамлакатимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада ҳарбий техникага ҳам, шахсий таркибга ҳам эгамиз. Буларга ишончли рақам деб қараш ўринли эмас», — деди Баҳром Зулфиқоров.

Платформада келтирилган маълумотларда Ўзбекистон Қуролли кучларининг шахсий таркиби 70 минг кишидан иборат экани, ҳарбий авиациясида 194 та бирлик, шулардан, 60 та қирувчи самалёт мавжудлиги, шунингдек, 420 та танк, 98 та реактив ўт очиш тизими; 1,2 минг зирхли автомобиль, 60 та артилерия қурилмаси борлиги кўрсатилганди.

Бу рақамлар ҳақида Жанговар тайёргарлик бош бошқармаси раҳбари полковник Раҳматулло Раҳмонов қуйидагича изоҳ берди:

«Бу уларнинг маълумотлари. Биз бу ҳақда очиқ айта олмаймиз: қанча шахсий таркиб, қуролли кучлар борлигини. Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли кучларимиз бор», — деди у.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари қўшма машғулот ўтказгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳарбийлари халқаро мусобақада 2-ўринни эгаллаганди.