Янги 2022 йил кириб келишига ҳам саноқли соатлар қолди. Ҳозир — ўтган йилни сарҳисоб қилишнинг айни вақти. Колумнистимиз Жаҳонгир Эргашев 1 йил давомида дунё бўйлаб содир бўлган энг муҳим янгиликларни бир жойга тўплади. Янги йил кириб келгунича ушбу мақолани ўқиб чиқишга улгурасиз. Байрам мароқли ўтсин!

Айтганча, Ўзбекистонда содир бўлган эътиборга лойиқ воқеаларни ҳам бир жойга тўплаб қўйгандик. Малол келмаса, ўқинг.

Капитолийнинг ишғол қилиниши

2021 йилнинг 6 январь санасида Трамп тарафдорлари бўлган бир гуруҳ радикал кайфиятдаги намойишчилар Капитолий биносига бостириб киради. АҚШ матбуоти бундай салбий ҳаракатни юзага келтирган воқеа тафсилотларини ўрганар экан, республикачилар партиясидан бўлган Дональд Трампни ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга киритишга уринишда ҳам айблади. Дунё матбуоти эса озодлик ва демократия минбари бўлиб келган мамлакатда бундай кўнгилсиз воқеанинг юз беришини салбий баҳолади. Аммо аслида нима бўлган эди?

Гап шундаки, Трамп ва унинг адвокати Рудольф Жулиани ноябрь ойида ўтказилган сайлов жараёнларида кўплаб қоида бузилишлар қайд этилганини, электрон сайлов машиналари айрим ҳудудларда носоз ишлаганини иддао қилди ва республикачилар тарафдорларини сайлов натижаларини тан олмасликка чақирди.

Фото: «DW.com»

Сайлов натижалари сохталаштирилганига урғу берилди. Натижада бир гуруҳ радикал кайфиятдаги республикачилар тарафдори бўлган гуруҳларнинг ташаббуси натижасида пойтахт Вашингтоннинг марказий кўчларидан бирида Капитолийга қарши юриш бошланди. Норозилик намойиши қатнашчилари Капитолий биносини ишғол қилди ва сенатнинг иш юритишига ҳалақит қилди. Мазкур намойишлар натижасида бир неча киши яраланди ва оғир тан жароҳати олди.

Республикачи президент Дональд Трампнинг хатти-ҳаракатлари натижа бермади. Жозеф Байден АҚШнинг 46-президенти сифатида қасамёд қабул қилди. Айни пайтда 2021 йил январь ойида содир бўлган воқеалар доирасида АҚШ хавфсизлик кучлари тергов суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Йил суриштируви

2020 йилда бошланган ковид пандемияси дастлаб Хитойдаги Уханда юзага келганини ҳисобга олсак, Дональд Трамп маъмурияти бу вирусни Хитой вируси дея атай бошлади. Жаҳон ҳамжамияти эса бу вирус қаердан келиб чиққани борасида турли хил мубоҳасаларга ҳам киришди. Йил бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хитойлик олимлар билан биргаликда вирус этимологиясини аниқлаш борасида изланишларга кириб кетди.

Фото: «WSPA»

Олиб борилган изланишлар натижасида ковиднинг Ухандан келиб чиқиши борасидаги фикрлар асоссиз экани, касалликнинг тарқалиши кўпроқ эҳтимол билан кўршапалакларга боғлиқлиги айтилди. Бироқ мазкур изланишлар ғарбдаги сиёсатшунослар ва олимлар орасида қатор шубҳа гумонларга сабаб бўлди.

Шу пайтда АҚШ президенти Жозеф Байден короновируснинг келиб чиқиши борасида АҚШ махсус хизматларига сўнгги нуқта қўйувчи таҳлилларни амалга ошириш муҳимлиги ҳақида топшириқ берди. Аммо таҳлиллар ниҳоясига етмагани ва АҚШ махсус хизматлари коронавируснинг қаердан келиб чиққани борасида аниқ бир тўхтамга келмагани пандемия ўчоғи қаер экани ҳамон мавҳум қолаётганидан даракдир.

Йил можароси

Британия монархияси анъаналарга содиқ ва ўз қадриятларини сақлаб келаётган, бугунги тез ривожланаётган ахборот асридаги ўзгаришларга чидамли империя сифатида кўриларди. Аммо оммавий ахборот воситалари инглиз монархияси ичидан дарз кетаётгани ҳақида хабарлар тарқата бошлади. Бу хабарларни тасдиғи сифатида АҚШга кўчиб ўтган шахзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг таниқли телебошловчи Опра Уинфрининг машҳур шоусида чиқиш қилгани Британия қироллик оиласида нималар содир бўлаётганини оммага билдириб қўйди.

Гап шундаки, Опра Уинфри шоуси давомида шахзода Ҳаррининг турмуш ўртоғи Меган Маркл қиролича Елизавета II оиласини ирқчилик ва ўзига нисбатан бўлаётган камситишларда айблади. Мазкур телешоуда Букингем қасри томон отилган тош шахзода Ҳарри ва Меган Марклга машҳурлик олиб келмаган бўлса-да, шубҳасиз, шахзода Ҳарри ва унинг акаси шахзода Уильям ўртасида катта келишмовчилик ва ихтилофларга олиб келганини ошкор қилиб қўйди. Қиролича Елизавета II бундай кутилмаган воқеадан сўнг набирасига нисбатан қандай муомила кўрсатиши кундай равшан бўлиб қолди.

Йил саммити

Президент Дональд Трампнинг ҳокимият тепасига келиши билан АҚШ жамоатчилиги Трампни президентликка келиши кўпроқ рус хакерларининг ёрдами билан амалга ошгани ҳақида гапира бошлади. Бу айблов республикачиларнинг АҚШ аҳолиси орасида нуфузини пасайишига ҳам олиб келди. Бироқ Капитолийга қилинган юришдан сўнг демократлар олдида республикачиларни янада обрўси тўкилишига сабаб бўлувчи воқеалар ривожланди.

Фото: «AFP»

Трамп давридан бери АҚШ ва Россия ўртасида юзага келган муросасиз сиёсатга Байден юмшатиш киритиши керакдек туюлди. Аммо президентликка келган Жозеф Байден ҳукумати Россия билан ўз алоқаларини яхшилай олмади. 16 июнда Женевада (Швейцария) АҚШ ва Россия лидерлари 3,5 соатдан кўпроқ вақт давомида ўтказган музокаралари халқаро жамиятга икки қудратли давлат ўртасидаги муносабатлар яхши тарафга ўзгариши ҳақида умид бағишлаётган эди, аммо учрашув кутилган натижани бермади. АҚШ ва Россия муносабатлари айни пайтда совуқ уруш давридаги ҳолатга тушиб қолган. Россия тарафи эса АҚШ билан имзоланган очиқ ҳаво дастури келишувларидан ҳам чиқиб кетди.

Йил дафн маросими

Буюк Британия 2021 йилнинг 9 апрель санасида мотам рангларига бурканди. Буюк Британия қироличаси Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи шахзода Филипп вафот этди.

Фото: «AP»

Мотам маросими билан тўпланган қироллик оиласи хонадонлари ярашиб олишар деган жамоатчилик кутилмаси ўзини оқламади. Фақатгина дунё бўйлаб давом этаётган коронавирус пандемияси кўпчиликнинг дафн маросимида қатнашишига тўсқинлик қилди, халос. Шахзода Ҳарри ва шахзода Уильям ўртасида дафн маросими сабаб алоқаларнинг илиқлашиши борасидаги тахминлар ўз натижасини бермади.

Кариб денгизидаги қотиллик

Кариб денгизи бўйида жойлашган кичик давлатда юз берган президент қотиллиги жаҳон оммавий ахборот вакиллари диққат эътиборини тортди. Ёлланма гуруҳларнинг Гаити президенти қароргоҳига ҳужуми натижасида Гаити президенти Жовенел Моиз қотиллик қурбони бўлади.

Фото: «Anadolu Agancy»

Тергов амалиётлари натижасида қотиллик айбдорлари сифатида бир қатор АҚШ ва Колумбия фуқаролари айбдор деб топилади. Гаити бош прокурори уюштирилган қотилликда мамлакат бош вазири Ариел Анрини ҳам даҳлдор деб топади. Аммо бош вазир бу амалиётда иштироки йўқлигини иддао қилади. Жовенел Моис 2021 йилда ҳалок бўлган ягона президент эмасди, унинг ҳамкасби Африка қитъасидаги Чад республикаси президенти Идрис Деби ҳам қўзғалончиларга қарши курашда ҳалок бўлганди.

Йил тирбандлиги

Март ойида Малайзиядан Нидерландияга қараб йўл олган «Ever Given» юк ташувчи кемасининг Сувайш канали қирғоғига чиқиб қолиши оқибатида бутун дунё озиқ овқат таъминоти занжирида узилишни юзага чиқарди ва нарх навонинг кўтарилишига сабаб бўлди.

Фото: «Anadolu Agancy»

18 мингта контейнер ортилган улкан кеманинг тирбандликни ҳосил қилиши натижасида жаҳон савдосига 400 миллион доллар миқдорида зарар келтирди. Март ойи охирларига келиб «Ever Given» кемасини яна сувга туширишга муваффақ бўлинган бўлса-да, бу кўплаб тижорий компанияларга ниҳоятда қимматга тушган йил воқеаси бўлди.

Йил «мағлубияти»

2001 йилнинг 11 сентябрь воқеалари ортидан АҚШ ҳукумати NАТО’ даги иттифоқчилари билан ҳамкорликда Ал-Қоида террорчи гуруҳига қарши кураш бошлаб юборади. Афғонистонда ҳокимият тепасида турган Толибон ҳокимияти мамлакатдаги таянч кучларидан айрилади ва Афғонистонда дастлаб Ҳамид Карзай, сўнг Ашраф Ғани ҳокимият тепасига келади.

20 йиллик уруш бирдан яна Толибон фойдасига ҳал бўлади. Толибон гуруҳи бирин кетин Афғонистондаги ўз таъсирини ёйиб, афғон вилоятларини қўлга киритади. Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни ташлаб қочиб кетишга муваффақ бўлади. Кобул аэропорти АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун мамлакатни тарк этишига имкон берган ягона корридорга айланади.

Фото: «Reuters»

Хорижий ташкилотларга ва NАТО’га хизмат қилган афғон миллатига мансуб кўплаб афғонлар ҳам ўз оиласини Толибон гуруҳидан ҳимоя қилиш учун чет элга қочишга мажбур бўлади. Одамлар билан тўлган учоқлар ва ҳаттоки учоқ шассига кириб олиб Афғонистонни тарк этишга уриган афғонларнинг осмондан қулаши кўплаб мемларга сабаб бўлди. АҚШнинг бу мағлубияти яна бир бор кўпчиликка Сайгон воқеаларини эслатиб юборди. АҚШ мағлубиятга учраганди.

«Альфа», «дельта» ва «омикрон»

2021 йилда Жаҳон cоғлиқни cақлаш ташкилоти Буюк Британия, Ҳиндистон ва Жанубий Африкада мутацияга учраган короновирус штамларига юнон ҳарфларини номини бера бошлади ва уларни «Альфа», «Бета», «Дельта» деб номалади. Ноябрь ойида кузатила бошланган штамни эса «Омикрон» деб рўйхатга киритди.

«Омикрон» штами Жанибуй Африкада пайдо бўлди ва давра тўрини бермай келаётган «дельта»штамини бурчакка қисиб дунёда тез ва кенг тарқалаётган вирусга айланди. Айни пайтда олимлар «омикрон» ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаётган бўлса-да, мазкур вирусни ўта юқувчи эканлиги таъкидланмоқда. Шу билан биргаликда, шифокорлар «омикрон» борасида ўз ҳавотирларини яширмаётган бўлса, бошқалар ортиқча ваҳима жоиз эмас деган фикрда.