Муҳтарам кузатувчиларимиз, мана 2021 йил ҳам поёнига етиб келди. Бу йилнинг энг асосий янгиликларини сизга тақдим этиш учун саралаб қўйдик. Аввало, айтишимиз керакки, бу йилнинг энг асосий янгиликларидан бири «Bugun.uz» сайтининг йил бошида ташкил этилганидир. Йил давомида бизни кузатиб борганингиз учун сизга ташаккур айтамиз.

Йилнинг энг асосий воқеаси бу, шубҳасиз, президент сайловидир. 2021 йилнинг 23 июль куни кунидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди. Айтиш лозимки, бу йилги сайлов аввалгиларидан анчагина қизғин ва шов-шувли кечди. Хусусан, Миллий тикланиш партиясидан номзод Алишер Қодировнинг баҳсли баёнотлари ва «Президентликка Алишер Қодир…» шаклида кўринувчи сайловолди баннери сайловчиларда кучли акс-садо берди, мунозаралар тинмади.

Фото: «Bugun.uz»

24 октябрь куни ўтказилган сайловда 16,2 миллион нафардан ортиқроқ фуқаро овоз берди. Сайловни ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, МДҲ ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент ассамблеяси ҳамда ИҲТ каби 20 га яқин халқаро ташкилотлардан ва 50 га яқин хорижий давлатлардан жами мингга яқин халқаро кузатувчи ҳамда 1 минг 672 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатиб ва ёритиб борди. Сайлов натижасида амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан қайта сайланди. Унинг рақиблари Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова 6,6 фоиз, Миллий тикланиш демократик партияси номзоди Алишер Қодиров 5,5 фоиз, Экологик партия номзоди Нарзулло Обломуродов 4,1 фоиз ва «Адолат» социал-демократик партияси номзоди Баҳром Абдуҳалимов 3,4 фоиз овоз олди.

Шавкат Мирзиёев биринчи марта қатнашган президент сайловида 88,61 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

* * *

Мустақилликка эришганимизга 30 йил бўлибдики, спортга давлат томонидан катта эътибор бериб келинади. Спортчиларимизнинг олимпиадаларда кўрсатган натижалари ҳам шунга яраша. Токио-2020 олимпиадасида вакилларимиз муваффақиятли иштирок этгани йилнинг энг қувончли воқеаларидан бўлди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Ҳа, тўғри ўқидингиз, олимпиада эртага тугайдиган 2021 йилда ўтказилган бўлса-да, номи 2020 йилги Токио олимпиадаси деб аталади, чунки асли ўтган йили ўтказилиши керак эди. Кунчиқар юртда 16 кун давом этган тенгсиз беллашувларда 339 та медаллар шодаси ўйналди. Ўзбекистонлик спортчилар Токиода спортнинг 17 туридан 71 та йўлланма билан иштирок этди. Ўзбекистонга беш жамоа биттадан медаль олиб берди: таэквондочи Улуғбек Рашидов олтин, дзюдочи Давлат Бобонов бронза, оғир атлетикачи Акбар Жўраев олтин, эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов бронза, боксчи Баҳодир Жалолов олтин медаль олди. Бу мамлакатимизнинг 3 олтин ва 2 бронза билан 32-ўринни эгаллашини таъминлади.

Бу медаллар сифати бўйича Ўзбекистон учун олимпиадалар тарихидаги иккинчи энг яхши натижа бўлди. 2016 йилги Рио Олимпиадасида 13 та медаль (4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза) қўлга киритилган, ўшанда Ўзбекистон делегацияси умумий рейтингда 21-ўринни эгаллаганди. Ўзбекистон медаллар бўйича МДҲда расман 1-ўрин, амалда 2-ўринни эгаллади (Россия давлат сифатида дисквалификация қилингани туфайли россиялик спортчилар олимпиадада Россия олимпия қўмитаси жамоаси сифатида иштирок этди). Шунингдек, Марказий Осиёда 1-ўрин, туркий мамлакатлар орасида 1-ўрин (Туркия 2 олтин, 2 кумуш ва 9 бронза билан 34-ўрин), мусулмон мамлакатлари орасида 2-ўрин (Эрон 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза олиб, 27-ўринда), Осиё мамлакатлари ичида 5-ўринни (Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Эрондан кейин) эгаллади. Ўзбекистонлик спортчилар жами 3 та олимпиада рекордини янгилади. Спортчиларни давлат муносиб тақдирлади, уй ва қимматбаҳо автомобиллар эгасини топди.

Спорт борасида яна қандай йил воқеаларини санаш мумкин? Клублар давлат активларини бошқариш агентлигидан ҳокимлик ва ташкилотларга қайтарилиши, Элдор Шомуродовнинг Рома жамоасига ўтиши, Одил Аҳмедов фаолиятини якунлаб, ЎФАга вице-президент бўлиши, тезкор шахматда ёш гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони бўлиши… Барчаси 2021 йилда ўз изини қолдирган воқеалар бўлди.

* * *

Ўтган йили «UzAuto Motors» компаниясига Антимонополия қўмитаси дадил қарши чиқиб, судга бергани ҳамда йилбўйи аччиқ ичакдек чўзилган суд ишлари барчанинг эсида. Миллий автокомпаниямизнинг мамлакат ичида обрўси юмшоқ қилиб айтганда дуруст эмас. Бу йил ҳам «UzAuto Motors» бир нечта «трюк»лар содир қилдики, санаб ўтмасак бўлмайди. Йил бошида «Spark», «Nexia», «Cobalt» ва «Lacetti» автомобилларига шартнома бериш вақтинча тўхтатилди. Кузда эса «Lacetti» ва «Labo» автомобилини кутаётган харидорларга машиналарни етказиб бериш муддати икки ойга узайтирилганини маълум қилди, сабаб — бутловчи қисмлар тақчиллиги. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан «Chevrolet Captiva-5» автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатганини расман эълон қилди. 20 декабрдан эса «Spark», «Nexia», «Cobalt» ва «Lacetti» автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди ва бу келгуси йил февралигача амал қилади.

2021 йилда «UzAuto Motors» компаниясидаги яна бир муҳим ўзгариш Бу Андерссоннинг бош директор этиб тайинланишидир. Асли швециялик топ-менежер Россия Федерациянинг «АвтоВАЗ» компаниясини муваффақиятли бошқаргани билан кузатувчиларга таниш. Унинг бошқаруви остида «АвтоВАЗ» бир нечта янги моделлар ишлаб чиқариб, зарардан барқарор фойдага чиқишга эришган. У ўзбек автокомпаниясини янгилаши ва ижобий ўзгаришларга етаклашидан умид қилинмоқда.

* * *

Охирги йилларда ижтимоий тармоқлар ва сайтлар изоҳсиз тўсилиб қолиши учраб турадиган ҳол эди. 2021 йилда ҳам бу анъанага содиқ қолдик. Июль ойида Ўзбекистонда Twitter ва TikTok тармоқларига чеклов қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Тўғри, бу гал «Ўзкомназорат» фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига қонунга зид равишда ишлов бераётган ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланди, дея баёнот берди. «Ўзкомназорат», шунингдек, Google, Facebook, TikTok, Telegram ва бошқа оммабоп интернет-сервислар маъмуриятидан фуқароларининг шахсига оид маълумотларни республикага олиб келиб сақлашни сўради.

Аммо тармоқлар тўсилгани билан улардан фойдаланувчилар камайиб қолмади. Тўсиқларни айланиб ўтувчи VPNларнинг бозори қизиди. Сенат раиси, Адлия вазири ва бошқа ижтимоий тармоқларда фаол раҳбарларнинг Twitter саҳифалари фаолиятини тўхтатмади. Бу мамлакат ичида қизиқ парадоксал муносабатни келтириб чиқарди: давлат чеклаган тармоқда давлат мансабдори маълумот тарқатмоқда.

Декабрнинг ўртасида Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн учрашув ўтказди ва улар билан ҳамкорлик қилишга урғу берди. Бир кун ўтгач, TikTok тармоғига кириш қисман тикланди.

* * *

Ўзбекистонда ажойиб бир бизнес тури мавжуд, бу давлат буюртмаларини ўзлаштиришдир. Бунинг учун ҳокимликда ишлашингиз етарли. Гуллаб-яшнаётган бу «тадбиркорлар»нинг рейтинги тузилса, унда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов биринчи ўринни олса, ажаб эмас. Ўтган йилдан бошланган «Жиззахча тендерлар» иши яқинда ниҳоясига етди. Акрам Раҳмонқулов 12 миллиард сўм (1 миллион доллар), Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар эгаси бўлган.

Шундай қилиб, Акрам Раҳмонқулов суд ҳукми билан 7,5 йилга қамалди. Унинг яқинлари Акбар Раҳмонқулов, Алишер Раҳмонқулов, Аброр Раҳмонқулов, Адҳам Раҳмонқулов ва яна 22 нафар судланувчига 69 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлган жарималар тайинланди.

«Жиззахча тендерлар» муаллифи Акрам Раҳмонқулов иши йилнинг энг йирик ишларидан бўлди.

* * *

«Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ – Ўзбекистонда газланган алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компания бўлиб, у Тошкент, Наманган ва Урганч шаҳарларида ишлаб чиқариш заводларига, шунингдек, омборхоналар тармоғига эга. 2021 йилда Coca-Cola хусусийлаштирилди. Хусусийлаштириш бир неча босқичда амалга оширилди. МЧЖ устав капиталидаги давлатнинг 57,118 фоиз улуши Туркиянинг «Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.» компаниялар гуруҳига сотилди. Келишув қиймати – 252,28 миллион доллар. Шундай қилиб, «Coca-Cola İçecek A.Ş.» компаниясининг 50,3 фоиз акциясига «Anadolu Efes», 20,1 фоизига «The Coca-Cola Company», 3,7 фоизига «Özgörkey Holding» эгалик қилади. Қолган 25,9 фоизи Туркия биржасида котировка қилинади.

* * *

Бу йили қўшни Афғонистонда ҳокимият ўзгарди. Ҳокимият толиблар қўлига ўтиши афғонистонликлар учун жуда улкан воқеа бўлиб, Ўзбекистонга ҳам қўшнисининг уйидаги ҳодисалар таъсир қилмай қолмади.

Фото: «Twitter»

АҚШ Афғонистондан чиқиб кетишини эълон қилган пайтданоқ мамлакатдаги ғарб қўлловчи омонат тизим қулашини кўплаб кузатувчилар башорат қилиб келар, аммо бу қадар тез амалга ошишини ҳеч ким кутмаганди. Хорижий қўшинлар чиққач, Ғарб кўмагида барпо этилган ҳукумат қумдан қурилган иморатдек бир ой ичида тўкилиб кетди ва толиблар Кобулга минимал йўқотишлар билан кириб борди. Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида минглаб қочқинлар тўпланди, уларнинг каттагина қисми Ўзбекистонга ўтишга муваффақ бўлди. Қочганлар орасида ўзбек маршали Абдулрашид Дўстум ҳам бор эди, айримларга кўра, Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳам Ўзбекистондан транзит сифатида фойдаланган.

Ўзбек ҳукумати бу ишларнинг тадоригини аввалдан кўриб қўйган эди. Афғонистонда янги тузилган толиблар ҳукумати билан Ўзбекистон биринчилардан бўлиб муносабатга кириша бошлади. Толиблар ҳам Ўзбекистонга илиқ муносабатда бўлди ва чегаралар бузилмаслигини қайта-қайта таъкидлади. Маълумки, Афғонистон Ўзбекистоннинг дунё уммонига чиқиши учун йўлак вазифасини ўташи мумкин, бироқ мамлакатдаги кўп йиллик нотинчлик барчасига халал бериб турибди. Қўшни давлатда барқарорлик ўрнатилишидан жуда манфаатдор бўлган Ўзбекистон Афғонистон билан лойиҳаларини ёпиб қўймади. Афғон халқига инсонпарварлик ёрдамлари жўнатмоқда ва халқаро минбарларда Афғонистонни ёқлаб гапирмоқда. Трансафғон йўлаги бўйича ишлар қайта тикланади. Ўзбекистон 2022 йилнинг баҳорида «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўли қурилишини бошлаш ва техник ишлар учун бир қанча афғонистонлик кадрларни тайёрлаш мажбуриятини олган.

* * *

Сўнгги асосий хабарларимиз табиий бойликлар ҳақида. Баҳорда «Ёшлик-I» конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳасига ўзгартиришлар киритилди. Мис ва олтин Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарларидир. Иқтисодчиларнинг ёзишича, «Ёшлик-I» кони мамлакатимиз иқтисодий ўсишига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Конда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдроқни ташкил этади. Бу камида 400 миллиард долларлик мис ва 300 миллиард долларлик олтин дегани. Ўзбекистон ҳозирда мис ишлаб чиқарувчи энг йирик 20 та давлат қаторига киради. Агар «Ёшлик-I» кони тўлиқ ўзлаштирилиб, мис бойитиш фабрикаси ишга тушса, ишлаб чиқариш ҳажмини уч баравар ошириш мумкин. Жаҳон бозорида эса мисга талаб тез ортмоқда.

2021 йил ниҳоясига етишидан олти кун аввал Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Uzbekistan GTL» заводи ишга туширилди. Бундай йирик комплекс жаҳонда фақат Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган. Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилди. «GTL» бу «газни суюқликка айлантириш» маъносини англатади. Бу технология асосида йилига 3,6 миллиард метр/куб табиий газни қайта ишлаб, 1,5 миллион тонна тайёр маҳсулотлар — авиакеросин, дизель ёнилғиси, нафта (Лигроин), суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Заводда йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёси ишлаб чиқарилади. 2021 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида энг катта ва қиммат завод барпо этилди дейиш мумкин.