Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев реклама ва баннерларда қозоқ тилидан фойдаланиш зарурлигини кучайтирувчи визуал ахборотга оид қонунчиликка ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Tengrinews»

Маълум қилинишча, аввалроқ қонунчиликка қабул қилинган ўзгартишлар билан маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, шунингдек, бошқа географик объектларнинг анъанавий, тарихан шаклланган қозоқ номлари, шакл ва белгиларини давлат (қозоқ) тилида тақдим этишга қаратилган нормалар киритилган.

Ҳозиргача амалда бўлган қонунчиликка кўра, бланкалар, белгилар, реклама ва бошқа кўргазмали маълумотлар қозоқ ва рус тилларида, зарур ҳолларда эса бошқа тилларда тақдим этилади.

Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Даурен Абаев ушбу қонун лойиҳасини шарҳлар экан, аввалроқ республикада ташқи рекламанинг руссизланаётгани ҳақидаги иддаоларга қўшилмаслигини маълум қилган.

«Ҳеч ким рус тилини бекор қилмайди, биз фақат қозоқ тилидан фойдаланишни мажбурий қилиб қўямиз, реклама эълони икки ёки уч тилда бўлса, муаммо бўлмайди», — деган у.

Маълумот учун, Қозоғистонда давлат тили қозоқ тилидир. Давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида қозоқ тили билан бир қаторда расмий равишда рус тили ҳам қўлланади.

Аввалроқ Туркманистонда почта конвертларига манзилни рус тилида ёзиш тақиқланганди. Шунингдек, Қозоғистонда рус тилида гапирган шифокор кечирим сўрашга мажбур қилинганди.