Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» рукнининг ўзгача сони — «Янги йил оқшоми».

Яна бир йил ортда қолди. 365 кун. Сездингизми? Бугунги кун бу йилдаги энг сўнггиси бўлишига қарамай, сизга кунлик энг муҳим янгиликларни етказиб беришга қарор қилди. Албатта, иложи борича, негатив кайфиятдаги хабарларсиз.
Дайжест орқали барча ўқувчиларни «Bugun.uz» нашри жамоаси номидан самимий табриклаймиз!

Байрам ўз йўлига, сиёсат қолиб кетмасин. Ташқи ишлар вазирига янги ўринбосар тайинланди. У аввалроқ Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида ишлаган.

ШҲТнинг собиқ бош котиби Владимир Норов Президент қарори билан Абдулазиз Комиловга ўринбосар этиб тайинланди. Бош котибликдан аввал у вазирликда турли даражалардаги лавозимларда ишлаган, элчи бўлиб хизмат қилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Ушбу тайинлов амалга оширилган йиғилишда, бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг янги концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Яна сиёсат, янада махфийроқ сиёсат. Мудофаа вазирлиги ходими Ўзбекистон армияси қудрати ҳақидаги маълумотлар очиқ эмаслигини айтди.

Дунё давлатларининг ҳарбий салоҳияти тўғрисида турли манбалардан маълумот йиғиб, рейтинг тузувчи «Global firepower» платформаси октябрь ойида эълон қилган рейтингида Ўзбекистон ҳарбий қудрати жиҳатидан дунёда 51-поғонада кўрсатилганди. Мудофаа вазирлиги вакиллари бунга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлик матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси полковник Баҳром Зулфиқоровнинг сўзларига кўра, у маълумотларга ишониш керак эмас, Ўзбекистонда бундай маълумотлар ёпиқ сақланади. Аммо шуниси аниқки, армияда Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва ҳудудий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли қудрат бор.

Бухорода барча туман-шаҳар ҳокимлари меҳнат таътилига чиқади. Албатта, бюджет ҳисобидан. Улар қайтганидан сўнг ўринбосарлари дам олади.

Бухоро вилоятидаги барча туман-шаҳар ҳокимлари 2022 йил 1–15 январь кунлари меҳнат таътилига чиқади. Бу бўйича вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг фармойиши эълон қилинди.

Меҳнат таътилига чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинча ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилади. Туман ва шаҳар ҳокими вазифалари вақтинча юклатилган ҳоким ўринбосарлари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қарор ва фармойишлар туман ва шаҳар ҳокими билан келишилгандан кейин қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ҳокимларга ўринбосарларининг соғлигини тиклаш мақсадида 2022 йил 17 январдан меҳнат таътилига чиқарилишини таъминлаш топшириғи берилган.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ҳокимларнинг дам олиш жойидаги суҳбатини тасаввур қилиб кўрди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

«Ситораи Моҳи-Хоса» санаторийсида туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда ҳоким ўринбосарларининг даволаниши ва соғлигини тиклаши учун тегишли шарт-шароитлар яратилади. У ерда таниқли санъаткорлар иштирокида маданий тадбирлар ташкил этилади. Уларининг даволаниши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

2021 йил якуни: хориж ва Ўзбекистон. Нималар содир бўлди?

Президент сайлови, Токио-2020, ижтимоий тармоқларнинг блокланиши, табиий бойликларга инвестициялар. Поёнига етаётган йилнинг энг муҳим воқеалари битта мақолада. Материал қисқа, лекин уни янада қисқа қилиб, битта карикатурага сиғдирса бўлади. Ҳарқалай, колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов буни уддалади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Путин-Байден учрашуви, «Ever Given»нинг Сувайшга тиқилиб қолиши, «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши — йилнинг дунё бўйлаб содир бўлган эътиборга молик воқеалари шу мақолада.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг. Янги йилингиз муборак бўлсин!