Исроилда дунёда биринчи марта коронавирус ва грипп билан бир вақтда касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда «Khaleej Times» хабар берди.

Фото: «The Times of Israel»

Маълум қилинишича, янги штамм «флурона» деб номланган бўлиб, у коронавирусга қарши эмланмаган туғруқ ҳолатидаги аёлда қайд этилган. Унинг бир вақтда ҳам коронавирус, ҳам грипп билан касаллангани бир қанча тестлар ёрдамида аниқланган.

Бейлинсон тиббиёт марказининг гинекология бўлими мудири, профессор Арнон Вижницернинг айтишича, айни пайтда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Аёл ўзини яхши ҳис қилмоқда ва тез орада тузалиб кетиши мумкин.

Таъкидланишича, Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлигини ушбу штамм қизиқтириб қўйган бўлиб, мутахассислар аллақачон «флурона» ва мумкин бўлган даволаш усулларини ўрганмоқда.

Маълум қилинишича, шифокорлар аввалроқ бир вақтнинг ўзида коронавирус ва грипп билан касалланиш хавфини эълон қилганди. Уларнинг фикрига кўра, бундай вазиятда иккала касалликнинг кечиши қийинлашади ва оғир асоратлар, жумладан, энцефалит (бош мия яллиғланиши) ва ўлим эҳтимоли ортади.

Тахминларга қараганда, «флурона» билан ўлим хавфи соғлом одамларга нисбатан 6 баравар, фақат коронавирус билан касалланган беморларга нисбатан эса 2 баравар ортади.

«Инфекциялар бир-бирига ёрдам беришни бошлади. Хитойлик олимлар А типидаги грипп вируси SARS-CоV-2’дан кейин дарҳол организмга кирса, унинг юқумлилигини кучайтиришини кўрсатди», дейилади хабарда.

Аввалроқ коронавируснинг буйрак учун хавфли экани аниқланганди. Шунингдек, инсон танасидаги коронавирус миқдорини аниқлайдиган тест ишлаб чиқилганди.