Қозоғистонда Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб Google’нинг солиқ тўлаши белгиланди. Бу ҳақда Миллий иқтисодиёт вазирлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Inform.kz»

Ўзгартишларга кўра, онлайн платформа орқали хизмат ва товарларни сотадиган барча хорижий компаниялар республика бюджетига қўшилган қиймат солиғини тўлаши шарт.

Таъкидланишича, ҚҚС ставкаси сотилган товар ва хизматлар миқдори бўйича 12 фоизни ташкил қилади. Бу қозоғистонлик тўловчиларга таъсир қилмайди. Вазирлик тахминларига кўра, ушбу ҚҚС солиғидан тушган бюджет даромадлари йилига 2 миллиард тенгени ташкил қилади.

Компаниялар солиқ рўйхатидан ўтиши шарт эмас. Соддалаштирилган тартибда улар солиқ органларига хат юбориши ва ҚҚСни тўлашга тайёрлиги ҳақида хабар бериши керак.

Аввалроқ Қозоғистонда рекламаларда рус тилидан мажбурий фойдаланиш бекор қилинганди. Шунингдек, ҳашамат учун солиқ жорий этилиши мумкинлиги маълум бўлганди.