Кино соҳасида 2021 йил янги бир давр бошлангандай таассурот қолдирди. Чунки оғир пандемия давридан сўнг кинони тақдим қилишнинг янги форматини топиш замон талабига айланди. Лекин йил давомида кўплаб янги фильмлар томошабинларга намойиш этилди, кинофестиваллар бўлиб ўтди, шов-шувли киновоқеликлар етарлича бўлди. Бугунги дайжестимизда йилнинг энг муҳим киновоқеликларини ёдга оламиз.

Кино пандемиядан кейин

Фото: «Getty Images»

Дунёнинг кўплаб нуқталарида пандемия остида кинотеатрларнинг ёпилиши бир йил ёки ундан кўпроқ вақтни олди. Ҳали кино саноати бундай инқирозни бошдан ўтказмаган эди. Нью-Йорк ва Лос-Анжелесда 2021 йилнинг баҳоридан кинозаллар ишлай бошлади ва шундан кейингина Америка кинопрокати жонлана бошлади. Лекин энди кинопрокатнинг аввалги даражасига қайтиши номаълум. Йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичлар фақат ширин хотира бўлиши мумкин, холос: ҳали коронавирус бўлмаган 2019 йилда жами жаҳон прокати 42,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу тахминан 21 миллиард долларни ташкил этди.

Энг оммалашган фильмларнинг кўпчилиги чиқарилган куниёқ стриминг платформаларига ҳам жойлаштирилди, бу стратегия стриминг платформаларини янада кўпроқ трендга олиб чиқди. Бу эса энди «прокат ойнаси»нинг қисқаришига олиб келади, яъни ижара бошланишидан премьерагача бўлган давр ўз-ўзидан қисқаради, фильмлар дарҳол стримингга чиқарилади. Аввал Америка кинотеатрларига 90 кун вақт берилган бўлса, пандемиядан сўнг эски қоидалар қайта кўриб чиқилди. Янги келишувларга кўра, «кино прокати ойнаси»нинг стандарти 45 кунга туширилди. Декабрь ойи ҳолатига кўра, АҚШнинг 600 дан ортиқ кинотеатрлари пандемиядан кейин қайта очилмаган.

«Дюна»

Бугунги кунда юқори бюджетли фантастиканинг ёрқин намояндаси Дени Вилнёвдир. Режиссёрнинг «Дюна» фильми йилнинг энг шов-шувли фильмларидан бири бўлди. Френк Гербертнинг «Дюна» асари асосида суратга олинган ушбу фильм 1982 йил Ридли Скотт ишлаган «Blade Runner»нинг муваффақиятли давоми ҳисобланади. Вилнёвнинг 2017 йил катта экранларга чиққан «Blade Runner 2049» картинаси Скотнинг оригинал фильмидаги кўплаб деталларни такрорлаган бўлса, «Дюна»нинг визуал дунёси Вилнёв томонидан «ноль»дан яратилган. Гербертнинг асардаги фазовий феодализми экранда кутилмаган ва ғайриоддий тасвирга айлантирилди. Сценарийнинг сустлигига қарамай, «Дюна» Вилнёвнинг режиссёр сифатидаги обрўсини визуал тасаввурга, ўзига хос услубга эга эканини тасдиқлади ва мустаҳкамлади.

Уэс Андерсоннинг янги фильми

«Француз хабарномаси. ‘Озодликʼ газетасига қўшимча. Канзас оқшоми қуёши» дея номланган узундан-узоқ номга эга ушбу фильм Канн кинофестивалида премьера қилинди ва бутун зал фильмни тик оёқда туриб олқишлади. Бу Уэс Aндерсон томонидан суратга олинган Америка комедия-драма фильмидир. Фильм Францияда жойлашган хаёлий француз хабарномаси «Озодлик» газетаси таҳририяти ҳақида ҳикоя қилади. Фильм бюджети 25 миллион долларни ташкил қилади. Киноасар XX асрнинг хаёлий Эннуи-сюр-Блазе шаҳрида фаолият олиб борадиган Aмерика газетасининг «журналистларга муҳаббат мактуби» сифатида талқин қилинган. Картинанинг марказида учта сюжет чизиғи мавжуд. Уларнинг барчаси «Озодлик» деб номланган француз хабарномаси (газетаси) таҳририяти билан боғлиқ. Бу газета Канзасдаги «Озодлик, Канзас оқшоми қуёши» нуфузли нашрининг французлар учун чиқариладиган қисми бўлади. Режиссёр Уэс Aндерсон фильмни «The New Yorker» журналидан илҳомланган ҳолда яратган. У мактаб йилларидан бери ушбу нашрга ашаддий мухлис бўлган. Фильмнинг сюжети ушбу журналдаги мақолалар асосида шакллантирилган.

Фото: «Netflix»

Кинода гендер тенглик

Жорий йилда «Оскар»га номзодлар орасида аёллар яратган фильмлар муваффақиятга эришди. Шу йилнинг баҳорида хитойлик муҳожир Хлои Чжаонинг «Кўчманчилар замини» фильми 2020 йилнинг энг яхши фильми деб топилди. «Кўчманчилар замини»нинг ғалабаси нафақат олтин ҳайкалчани қўлга киритди, балки, аёл режиссёрлик тушунчасини инновацион ёндашув ва ностандарт кўриниш билан боғлади. Дунё кино жамоатчилиги кино эстетикаси учун хилма-хиллик кераклиги ҳақида ўйлаб кўрди. Чжао энг яхши режиссёр мукофотини ҳам қўлга киритиб, Кетрин Бигелоудан кейин бу номинацияда ғолибликни қўлга киритган иккинчи аёл режиссёр бўлди.

Европадаги энг нуфузли кинофестивал Канн кинофестивалининг бош мукофоти «Олтин пальма япроғи» ҳам бу йил аёл режиссёрга топширилди. Бу тарихда фақат бир марта содир бўлган: 1993 йилда Жейн Кемпион ғалаба қозонганди, холос. Бир неча йиллар аввал Канн кинофестивали иштирокчилар орасида аёллар сонининг камлиги учун фаол танқид қилинганди. Ўшанда фестиваль директори бунга жавобан танловнинг ягона мезони бадиийлик эканлигини таъкидлаган. 2019 йилги фестивалдаги феминистик акциядан сўнг Жулиа Дюкурнонинг «Титан» фильми бу йилги бош мукофотни қўлга киритди. Спайк Ли бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати Канндаги гендер муаммосини пасайтирди, истиқболли француз аёлига катта имконият берди ва соф Европа бадиий эстетик киносини рағбатлантирди.

«Ўлишга вақт йўқ»

Жеймс Бонд ҳақидаги йигирма бешинчи фильм — «Ўлишга вақт йўқ» кинокартинаси ҳам йилнинг энг шов-шувли фильмларидан бири бўлди. Аммо Дениел Крейг энди 007 эмас. Ушбу картина Крейг иштирокидаги бешинчи ва охирги фильм бўлиб, роппа-роса бир ярим йил давомида катта экранларга чиқарилмади. Бу пандемия туфайли кечиктирилган премьера бўлди. 2000 йилларда олиб борилган қаҳрамон ва ҳиссий сюжетларнинг мураккаблашуви тенденцияси «Ўлишга вақт йўқ» фильмида энг юқори чўққига ва табиий таназзулга эришди. Крейг даврининг якуни сарҳисоб қилинди, лекин, умуман, Жеймс Бонднинг келажаги ҳақида гапирадиган бўлсак, фильм сўроқ белгиси билан тугайди. Фильм продюсери Барбара Брокколи фильмнинг ҳали давоми борлигини билдирган. Шундай бўлса-да, бутун дунё бўйлаб 773 миллион доллар билан «Ўлишга вақт йўқ» фильми Голливуднинг йилнинг энг юқори даромад келтирган фильмларидан бири бўлди. Аммо ҳозирча янги Бонд ким бўлади ва кейинги фильмларда шундай исмли қаҳрамон бўладими йўқми, деган саволларга жавоб йўқ.

Ридли Скотт ҳамон тик оёқда!

Яқинда ўзининг 84 ёшини нишонлаётган Ридли Скотт Голливуддаги энг фаол режиссёрлардан бири эканлигини бу йил ҳам исботлади. Йил охирида британиялик кекса режиссёр бир вақтнинг ўзида иккита фильмни тақдим этди – «Сўнгги дуэль» ва «Гуччи уйи». Иккала фильмнинг умумий жиҳати сюжет марказидаги жиноят мотиви, иккала фильмда ҳам кўринган актёр Адам Драйвер ва тарихий вазиятдир. Фильмларда мос равишда ўрта асрлар ва 1970 йиллардаги бир хил вазият тасвирланади. Скотт катталар аудиторияси учун катта бюджетли фильм оладиган бугунги кинода камдан-кам учрайдиган режиссёр ва у бу ишончдан ўзининг севимли мавзулари – «Гуччи уйи»даги капитализм ва жиноят ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳамда «Сўнгги дуэль» фильмидаги ўтмишнинг ноаниқлиги ҳақида гапириш учун фойдаланади.

«Кальмар ўйини»

Телевизион мавсум сенсацияси бу Netflix томонидан ишлаб чиқарилган, лекин корейс ижодкорлари томонидан корейс тилида суратга олинган «Кальмар ўйини» сериали бўлди. Ушбу сериал Netflix стриминги тарихидаги энг кўп томоша қилинган сериал бўлди. Сериал илк чиқарилганидан бошлаб ҳозиргача 1,65 миллиард соат томоша қилинди. «Кальмар ўйини» корейсларнинг кино саноатида тобора кучайиб бораётганини намоён қилди, бундан икки йил олдин кутилмаганда «Оскар»ни қўлга киритган «Паразитлар» фильмидан кейин «Кальмар ўйини» шуҳрат қозонди. Сериал Бонг Жун Хонинг фильми билан жуда кўп умумийликка эга. Бу ҳам замонавий синфий жамият ҳақидаги сатира, фақат сериалнинг сюжети янада қизиқарли: қашшоқликдан умидсизликка тушган 456 нафар кўнгилли катта мукофот умидида бадавлат томошабинлар учун омон қолиш ўйинида қатнашади. «Паразитлар» ҳам, «Кальмар ўйини» ҳам ахлоқий ва содда талқинлардан қочади, лекин улар гротеск ва экстремал зўравонликдан уялмайди, бу Корея учун унчалик янгилик эмас, лекин Ғарб томошабинларини ҳайратда қолдириши мумкин.

«Ўргимчак одам: Уйга йўл йўқ»

Фото: «Bayl.eu»

«Ўргимчак-одам: Уйга йўл йўқ» (Spider-Man: No Way Home) фильми Голливуднинг 2021 йилдаги энг кассабоп фильми бўлди. Фильм бош қаҳрамони Питер Паркер ролини актёр Том Холланд ижро этган, унга Жон Уоттс режиссёрлик қилган. Sony ва Marvel компанияларининг ушбу фильми Хитойда катта экранларга чиқарилмаганига қарамай, пандемия вақтидаги энг кўп пул келтирган фильмга айланди.

Ўзбек киносида 2021 йил

2021 йил ўзбек кинематографиясида ҳужжатли фильмлар йили бўлди. Жорий йилда бадиий фильмларга қараганда ҳужжатли фильмлар хирмони каттароқ ва баракалироқ бўлди. Йилнинг асосий лойиҳаларидан бири бу «Халқ юраги» туркум ҳужжатли фильмларидир.

Жорий йил бадиий фильмлар сони ўтган йилги киномавсумига қараганда озчиликни ташкил қилди. Йил давомида 10 дан ортиқ турли савиядаги бадиий фильмлар томошабинларга тақдим этилди. Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат», Фотиҳ Жалоловнинг «Муқимий», Ҳилол Насимовнинг «Мерос», Эргаш Мўминовнинг «Орзулар қанотида», Илҳом Муҳаммадибрагимовнинг «Мактаб ҳаётим», Рашид Маликовнинг «Сумбул», «Тутқунлик», Муҳаммадали Искандаровнинг «Мен террорчи эмасман», Ҳасан Алижоновнинг «Ҳаёт афсунлари», Шоҳруҳ Расуловнинг «Бир кунлик тўй» ва бошқа бадиий фильмлар кинотомошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Миллий байрамлар арафасида киноҳафталиклар ва фильмларнинг телевизион премьералари ташкил қилинди.

Жорий йил премьераси бўлиб ўтган фильмлардан бири Кинематография агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудиясида ишланган кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат» фильмидир. Фильм сюжети ғайриоддий: буюк мусаввир Леонардо да Винчи билан Мефистофел (иблис) Тошкентга сафар қилади. Бу ерда улар омади чопмай юрган ссенаристнинг сўниб бораётган умидини уйғотади. Ссенаристнинг қўлидаги сценарий ҳам томоша давомида фильмга айлана боради. Фильм — «санъатни яратиш қанчалик қийинлиги ва уни ўлдириш қанчалик осон эканлиги ҳақидаги фантастик ҳикоя». Фильмда режиссёр тарих билан бугунги жамиятни, қадимда яшаган инсон билан бугунги одамни қиёслайди. Бош қаҳрамон ссенарист эса ҳақиқат тимсоли бўлиб гавдаланади. Унинг сценарийси — «Қиш эртаги» ҳам ссенарист характерининг номаълум қирраларини очиб беради.

Фото: «Sputnik»

«Ўзбектелефильм» давлат унитар корхонасида режиссёрлар Музаффар Эркинов ҳамда Музаффар Қорабоевлар томонидан ишланган «Айдинлар» фильми қорақалпоқ халқининг кечаси ва бугуни қиёсланган ҳаётий кинокартинадир. Фильм сценарий муаллифи таниқли ёзувчи Назар Эшонқул. Фильмда Орол денгизи фожиаси фонида Орол атрофида яшовчи аҳолининг оғир ва мураккаб ҳаёти кўрсатилади. «Айдинлар» денгизни чорлаётган қўшиқ, денгизга талпинаётган, ҳаётга ташна бўлиб турган орзулар қўшиғидир. Фильм қорақалпоқлар ҳаётини акс эттирса-да, ижодкорлар фильм моҳиятига бугунги жамиятимиз учун ҳам оғриқли бўлган баъзи муаммоларни сингдира олган. Фильм таг замирида мақсад сари дадил ҳаракат қилиш, нажот фақат таълимда экани, инсонни илм қутқариши каби ғоялар ётади. Мўйноқнинг қисқа фурсат ичида ўзгариб кетиши, у ерда бўлган бунёдкорлик ишлари фильмнинг бадииятига зарар етказмаган ҳолатда тасвирланади. Ушбу ўзгаришлар киноасарнинг бадиий ечимига ҳам маълум маънода хизмат қилади.

2021 йил ўзбек кино соҳасида Тошкент халқаро кинофестивали, «Халқ юраги» туркум ҳужжатли фильмлар намойиши, дабдабали киноҳафталиклар билан ёдда қолди, холос.