АҚШ хавфли маҳбуслар сақланадиган қамоқхонада махфий суд зали қуради

Пентагон 2023 йилгача хавфли маҳбуслар сақланадиган Гуантанамо қамоқхонасида майда жиноий ишларни кўриб чиқиш учун иккинчи махфий суд залини қуради. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, иккинчи махфий суд залининг қурилиши судьялар бир вақтнинг ўзида иккита суд жараёнини ўтказиши учун зарур ҳисобланади. Янги залда матбуот ходимларига жой ажратилмайди. Унинг қурилиши АҚШ расмийларига 4 миллион долларга тушади.

Қайд этилишича, йирик, масалан, терроризмда айбловлар бўйича жиноий ишлар 2008 йилдан бери мавжуд бўлган залда олиб борилади. У ерда матбуот учун жойлар мавжуд бўлиб, улар жараённи трансляция орқали томоша қила олади.

Маълумот ўрнида, Гуантанамо ҳарбий базасидаги халқаро террорчилар жазони ўтайдиган қамоқхона АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш томонидан 2001 йилдаги 11 сентябрь терактларидан сўнг терроризмда айбланган жиноятчиларни жазога маҳкум қилиш учун 2002 йилда очилган. 2003 йилда Гуантанамодаги қамоқхонада деярли 700 нафар маҳбус сақланган.

Собиқ президент Барак Обаманинг 2008 йилдаги биринчи сайлов кампаниясидаги асосий сайловолди ваъдаларидан бири мазкур қамоқхонани ёпиш бўлганди. Кейинчалик Обаманинг таклифи Конгресс томонидан маъқулланмаган. Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда қамоқхона учун 445 миллион доллар сарфланган, собиқ президент бу пулни беҳуда исроф қилиш деб атаган.

Дональд Трамп ушбу қамоқхонадаги маҳбусларни «ўта хавфли» деб атаган ва 2018 йилнинг январида қамоқхонани сақлаб қолиш ҳақида фармон имзолаган. БМТ маълумотига кўра, ҳозир Гуантанамода 40 нафар маҳбус бор, улардан фақат 9 нафарига айблов эълон қилинган ёки ҳукм чиқарилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу объектни ёпишни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Трамп АҚШдаги учинчи муҳим лавозимни эгалламоқчилиги ҳақида хабар берилган. Шунингдек, тарафдорларининг Капитолийга қилган ҳужуми оқибатида қанча зарар кўрилгани маълум бўлганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз