Маълумот ўрнида, Гуантанамо ҳарбий базасидаги халқаро террорчилар жазони ўтайдиган қамоқхона АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш томонидан 2001 йилдаги 11 сентябрь терактларидан сўнг терроризмда айбланган жиноятчиларни жазога маҳкум қилиш учун 2002 йилда очилган. 2003 йилда Гуантанамодаги қамоқхонада деярли 700 нафар маҳбус сақланган.

Собиқ президент Барак Обаманинг 2008 йилдаги биринчи сайлов кампаниясидаги асосий сайловолди ваъдаларидан бири мазкур қамоқхонани ёпиш бўлганди. Кейинчалик Обаманинг таклифи Конгресс томонидан маъқулланмаган. Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда қамоқхона учун 445 миллион доллар сарфланган, собиқ президент бу пулни беҳуда исроф қилиш деб атаган.

Дональд Трамп ушбу қамоқхонадаги маҳбусларни «ўта хавфли» деб атаган ва 2018 йилнинг январида қамоқхонани сақлаб қолиш ҳақида фармон имзолаган. БМТ маълумотига кўра, ҳозир Гуантанамода 40 нафар маҳбус бор, улардан фақат 9 нафарига айблов эълон қилинган ёки ҳукм чиқарилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу объектни ёпишни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Трамп АҚШдаги учинчи муҳим лавозимни эгалламоқчилиги ҳақида хабар берилган. Шунингдек, тарафдорларининг Капитолийга қилган ҳужуми оқибатида қанча зарар кўрилгани маълум бўлганди.