Пандемиянинг ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланишни чеклаганига қарамай, уруш, можаро ва репрессиялар оқибатида уйини ташлаб кетганлар сони 2021 йилда рекорд даражага етди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «РИА Новости»

Ташкилотнинг Қочқинлар бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь–ноябрь ойлари орасида 84 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетган. Бу кўрсаткич 2020 ва 2019 йиллардаги кўрсаткичлардан юқори бўлиб, улар ҳам ўз вақтида рекорд даражада юқори бўлган.

Қайд этилишича, мигрантлар сонининг ўсиши кескин чекловлар туфайли глобал ҳаракатчанликнинг умумий пасайиши фонида содир бўлган. Ушбу ҳодиса муносабати билан Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) раҳбари Антонио Виторино дунё инсоният тарихида ҳеч қачон кузатилмаган ҳолатнинг гувоҳига айланганини айтган.

«Миллиардлаб одам доимий яшаш жойида изоляция қилинган бир пайтда ўн миллионлаб одам ўз мамлакатларидан кўчиб кетишга мажбур бўлди», — дейди Виторино ХМТнинг глобал миграция ҳолати бўйича сўнгги тадқиқоти натижаларини шарҳлар экан.

Таъкидланишича, яшаш жойидаги қуролли можаролар одамларнинг яхши ҳаёт излаб, уйларини тарк этишининг асосий сабабларидан бири бўлган.

Аввалроқ дунёда 2021 йилнинг бошидан буён 4,4 мингдан зиёд мигрант бошқа мамлакат ҳудудига киришга уринганида ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, Москва ва Европада яшовчи мигрантлар ўртасидаги фарқ маълум бўлганди.