«Омикрон» штами билан боғлиқ коронавирус тўлқини 20 февралгача пасаяди ва охирги тўлқин бўлади. Бу ҳақда Грециядаги Аристотель университети профессори Демосфен Сарияннис «Voria» порталига маълум қилди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, тадқиқот давомида пандемиянинг кейинги тўлқини ривожланишини аниқлаш учун мутахассис математик моделдан фойдаланган. Унга кўра, коронавирус янги ҳолатларининг ўсиш тенденцияси 2022 йил 20–22 январгача давом этади ва ўртача ҳафталик 66 минг инфекция ҳолатига етади.

«Шундай қилиб, 20 февралда ‘омикронʼ тўлқинининг чўққисига чиққанидан бир ой ўтиб унинг пасайиши кузатилади. Кейин ҳафталик ўртача инфекциялар сони 3,5–4 мингтани ташкил қилади», — дейди Сарияннис.

Олимнинг сўзларига кўра, бундан кейин коронавирус тўлқини пасайишни бошлайди ва аҳолининг аксарияти инфекцияга қарши иммунитетга эга бўлади.

Аввалроқ Билл Гейтс пандемиянинг тугаши ҳақидаги тахминларга баҳо берганди. Шунингдек, дунёда коронавирус пандемияси қачон тугаши айтилганди.