Интерполнинг АҚШдаги Миллий марказий бюроси Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистонда қидирувда бўлган эркакни қўлга олди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Нью-Йорк шаҳрида ҳамкорликда ўтказилган тезкор қидирув тадбири давомида Интерполнинг АҚШдаги Миллий марказий бюроси ходимлари кўмагида қидирувда бўлган Т.А. Нью-Йоркдаги чегара назорат пунктидан ўтаётган вақтда қўлга олинди. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддасига (Одам савдоси) асосан республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Интерпол каналлари орқали қидирувга берилган.

«Бугунги кунда музокаралар ва Ўзбекистондаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси ҳамда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувдаги шахс қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилди ва энди у қилмиши учун судда жавоб беришга тўғри келади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давлатлараро қидирувдаги 55 ёшли ўзбекистонлик аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.