Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, фармон дарахт, буталар ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг майдонларини кенгайтириш, ушбу соҳада масъул ташкилотлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш, шунингдек, Президентнинг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида қабул қилинган.

Маълум бўлишича, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилади:

  • аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағ ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди;
  • рағбатлантириш ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланади;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича фотосурат, видеоёзув ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди;
  • рағбатлантириш маблағи ундириладиган жарималарнинг тегишли органлар ҳисобидан қолдириладиган қисмидан қоплаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дарахт кесилишига оид мораторий муддати 31 декабрга қадар узайтирилганди.