Ўзбекистонда 2022 йилнинг ёзидан Асака шаҳрида йиғиш бошланадиган «Chevrolet Tracker 2» Россия бозорига олиб кирилиши мумкин. Бу ҳақда «UzAuto Motors» компанияси хабар берди.

Фото: «Автостраdа»

Маълум қилинишича, «UzAuto Motors» ишлаб чиқаришга тайёргарлик доирасида иккита «Chevrolet Tracker 2» синов автомобилини тайёрлаган.

Қайд этилишича, кроссовер ихчам «Onix» седанига асос бўлган модулли GEM платформасида ишлаб чиқарилган. Янги авлод «Chevrolet Tracker 2» тўлиқ цикл технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади, маҳаллийлаштириш улуши камида 50 фоизни ташкил қилади.

«UzAuto Motors» режасига кўра, ҳар йили корхона конвейеридан 80 мингга яқин «Chevrolet Tracker 2» ва «Оnix» автомобили ишлаб чиқарилади. Уларнинг катта қисми экспортга йўналтирилади.

Аввалроқ «UzAuto Motors» Озарбайжонда автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани ҳақида хабар берилганди. «UzAuto Motors» ўз «Tracker» автомобилини ишлаб чиқармоқчи эканини маълум қилганди.