Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 апрелдан бошлаб бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тартиби йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасида келтириб ўтилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, ушбу тартиб Тараққиёт стратегиясида камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилади. Унга кўра, икки ҳудудда биринчи–тўртинчи синф ўқувчиларини бюджет маблағи ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2022 йил 1 апрелдан бошлаб бепул овқат билан таъминлашни ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Лойиҳада ажратиладиган маблағ сарфланиши устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва коррупциявий омилларнинг олдини олиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси пайтида Қорақалпоғистонда 2022 йилдан бошлаб 1–4-бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилишини маълум қилганди.