Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қотиллари ҳашаматли виллаларда яшаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Саудия разведкасининг юқори мартабали амалдорлари билан алоқаси бўлган манбага таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Манбанинг сўзларига кўра, қироллик томонидан Жамол Қошиқчи ўлдирилишида айбланган Саудия жангари гуруҳининг камида уч нафар аъзоси Ар-Риёддаги Давлат хавфсизлик агентлигига тегишли «етти юлдузли уйда» яшаб, ишлаб келмоқда.

Таъкидланишича, манба эркакларни кўрганини айтган икки гувоҳ билан гаплашган. Уларнинг сўзларига кўра, қотилларнинг оила аъзолари уларни кўргани келиб туради.

Қайд этилишича, қотилларнинг барчаси Саудия суди (Ғарб ОАВларида кўпинча «сохта» деб таъкидланади) томонидан айбдор деб топилган, аммо улардан фақат биттаси — Салоҳ ат-Тубайжининг исми маълум қилинган. Улардан баъзилари ўлимга ҳукм қилинган, кейинчалик уларнинг жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган.

«Бу кузатувлар Ар-Риёднинг қотилларни жавобгарликка тортиш ҳақидаги даъволарига шубҳа уйғотади», дейилади хабарда.

Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги элчихонасида ўлдирилган. Журналистнинг жасади эса топилмаган.

Аввалроқ Саудия Арабистонида аёлларга ёлғиз яшашга рухсат берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Саудия Арабистони валиаҳди Рамазон муносабати билан аҳоли қарзини тўлагани маълум қилинган.