Тошкентда ўт ўчириш мосламасининг портлатилиши бўйича жиноят иши қўзғатилди
Янги йил кечасида савдо маркази олдида содир этилган портлашда 3 киши яраланган
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни аҳоли йиғилиб, қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатгани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан айбдорларга жиноят иши қўзғатилди.

Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлими томонидан фуқаролар И.А., У.М., А.Л., З.Х.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 250-моддаси (Портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
«Тергов давом этмоқда. Айбдор шахслар қонун олдида жавоб беради. Ҳурматли фуқаролар, портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли эканини, бундай воситаларни қўлбола усулда ясаш ва фойдаланиш мумкин эмаслигини унутманг», дейилади бошқарма хабарида.
Маълумот ўрнида, содир этилган мушакбозликни тасвирга олаётган фуқаролар: 1997 йилда туғилган М.С. (ташхис: қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши), 1999 йилда туғилган М.А. (ташхис: ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати) ҳамда 2006 йилда туғилган Х.Н. (ташхис: ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси) турли кўринишдаги жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги ҳаммомда 31 декабрь куни газ-ҳаво чақнаши содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.