Тошкентдаги савдо маркази олдида ўт ўчириш мосламаси портлатилди — видео
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни аҳоли йиғилиб, қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, тунги соат 00:45 да Қоратош кўчаси автоқатнов йўлида байрам баҳонаси билан аҳоли йиғилиб, бир қанча фуқаролар автойўлни ажратиб турувчи тўсиққа мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган ўт ўчириш мосламасини жойлаштириб, тагидан олов ёқиши оқибатида мослама чақнаши кузатилган.
Оқибатда мушакбозликни тасвирга олаётган фуқаролар: 1997 йилда туғилган М.С. (ташхис: қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши), 1999 йилда туғилган М.А. (ташхис: ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати) ҳамда 2006 йилда туғилган Х.Н. (ташхис: ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси) турли кўринишдаги жароҳат олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги ҳаммомда 31 декабрь куни газ-ҳаво чақнаши содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.