Туркия полицияси Эсенбога (Анқара) аэропортида ИШИД халқаро террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумон қилинаётган Россия фуқаросини қалбаки паспорт билан қўлга олди. Бу ҳақда «Yeni Shafak» газетаси хабар берди.

Фото: «Reuters»

Қайд этилишича, Киевдан Анқарага кетаётган самолётда йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириш чоғида эркакнинг хатти-ҳаракати шубҳа уйғотган. Кейинчалик унинг ёнидан Ўзбекистон фуқароси Т.И. номига расмийлаштирилган паспорт топилган, бу ҳужжат сохта бўлиб чиққан. Тергов давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 24 ёшли йўловчи Б.В. келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси эканини аниқлаган.

Газетанинг ёзишича, 24 ёшли йигит ИШИДнинг Суриядаги бир нечта амалиётида қатнашган. У «Г-87» коди билан шифрланган бўлиб, бу унинг умумий хавфсизликка таҳдид солишини англатади. Тинтув чоғида йигитнинг ёнидан кўплаб қалбаки шахсий гувоҳномалар, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва сохта коронавирус сертификати топилган.

Аввалроқ Туркияда ўзбекистонлик эркак жосусликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Шунингдек, Россияда террор ташкилотини молиялаштирган ўзбекистонлик эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди ҳамда экстремизмни тарғиб қилган ўзбекистонлик йигитга суд ҳукми ўқилган.