Япониянинг «Nobelpharma» фармацевтика компанияси 2023 йилда организмни ковидга қарши умрбод иммунитет билан таъминлайдиган вакцинанинг клиник синовларини бошлаши мумкин. Бу ҳақда «Japan Times» хабар берди.

Фото: «Lewisham Homes»

Маълум қилинишича, дори устида профессор Митинори Кохара бошчилигидаги Токио тиббиёт фанлари институтининг бир гуруҳ олимлари ишлаётган бўлиб, улар XVIII асрда Буюк Британияда ишлаб чиқилган ва 1976 йилгача Японияда ишлатилган чечакка қарши вакцинани асос қилиб олган. Тадқиқотчиларнинг ғояси SARS-CоV-2 вирусининг бошоқли оқсилини рекомбинант вакциния вирусига киритишдир. Сичқонлар устида олиб борилган тажрибаларда юқори патогенли парранда грипи генидан фойдаланилган.

Қайд этилишича, тадқиқот давомида эмланган жониворларда юқори даражадаги антитаначалар юзага келган, улар вирус организмига киритилгандан кейин ҳам омон қолишга муваффақ бўлган. Эмланмаган барча сичқонлар эса нобуд бўлган.

«Ушбу вакцинанинг хусусиятлари шуни кўрсатдики, у антитанчалар ишлаб чиқаришни рағбатлантиради ва умрбод иммунитетни таъминлайди. Бир доза 20 ойдан ортиқ вақт давомида самарали бўлади, бошқа ҳеч қандай вакцина бунга ўхшаш таъсир кўрсатмайди», — дейди Кохара.

Бундан ташқари, таъкидланишича, маймунларда ҳам синовдан ўтказилган коронавирусга қарши вакцина прототипи приматларни пневмония ривожланишидан ҳимоя қилган. «Тахминан, 2023 йилда ‘Nobelpharma Co’ 150 дан 200 гача кўнгиллилар, шу жумладан, тузалиб кетган ва бошқа дорилар билан тўлиқ эмланганлар иштирокида вакцина клиник синовларининг биринчи ва иккинчи босқичини ўтказиш ниятида», дейилади хабарда.

Профессор Кохаранинг сўзларига кўра, узоқ муддатли иммунитетга қўшимча равишда янги вакцинанинг яна бир катта афзаллиги шундаки, уни узоқ вақт давомида хона ҳароратида қуруқ ҳолда сақлаш мумкин.

Аввалроқ олимлар 2 турдаги вакцина ковиднинг барча штамларига қарши тура олишини аниқлаганди. Шунингдек, олимлар коронавирусни тўлиқ даволай оладиган дориларни аниқлаганди ҳамда мутахассислар коронавируснинг барча штамларидан ҳимоя қилувчи антитаначаларни топган.