Ерга иккита потенциал хавфли астероид яқинлашиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «ABC News»

Маълум қилинишича, осмон жисмларидан бири — «2013 YD48» астероидининг ўлчами «Биг Бен» минора соати, иккинчиси — «7482 YD48» астероидининг ўлчами эса Эмпайр-стейт-билдингдан (Нью-Йоркда жойлашган 102 қаватли осмонўпар бино) икки баробар катта.

Таъкидланишича, «2013 YD48» астероидининг кенглиги тахминан 104 метрни ташкил қилади ва 11 январь куни сайёрадан 5,6 миллион километр масофада, «7482 YD48» астероиди эса 18 январь куни Ердан 0,013 астрономик бирлик масофада учиб ўтади. Бу NASA’нинг Ерга яқин объектларни ўрганиш маркази маълумотларига кўра, қисқа масофада яқинлашиш ҳисобланади.

NASA раҳбари ўринбосари Томас Зурбухеннинг айтишича, ҳозирда олимларга маълум бўлган астероидлардан бирортасининг яқин юз йил ичида Ер билан тўқнашиш хавфи йўқ. Унинг таъкидлашича, олимлар ўлчами 140 метрдан ортиқ объектларнинг атиги 40 фоизини билади. «Уларнинг аксарияти, тахминан 60 фоизи бизга номаълум», — дейди Зурбухен.

Аввалроқ Ерга йилнинг энг катта астероиди яқинлашиши айтилганди. Шунингдек, Ерга ядровий бомбадан кучлироқ астероид ва инсоният тарихидаги энг катта комета яқинлашиши маълум қилинган.