«Толибон» ҳаракатини халқаро миқёсда тан олишнинг яна бир шарти маълум қилинди

«Толибон» ҳаракати «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳини Афғонистонда тақиқлаб қўйиш ва унинг етакчиларини экстрадиция қилиш орқали халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишга эришиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендкович «РИА Новости»га маълум қилди.

Фото: «Al Jazeera»

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ҳаракатни тан олиш билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарган деб бўлмайди.
«Ташқи кучлар айни пайтда терроризмга, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашдаги ҳақиқий мажбуриятини баҳолаш учун ҳаракатдан мақсадли қадамларни кутмоқда. Бундан ташқари, инклюзив масала ҳам бор. Бу йўлда бироз олдинга силжиш бўлмагунча, элчихоналарни расман тан олиш ва алмашиш бўйича сиёсий қарор қабул қилиниши қийин», — дейди эксперт.

Шу билан бирга, унинг қайд этишича, яримрасмий дипломатик алоқалар сақланиб қолади ва бу аллақачон муқаррар жараён. «Толибон» ҳаракати эса 2022 йилда тан олиниш учун, албатта, қандайдир қадамлар ташлайди.

«‘Ал-Қоида’ фаолиятини тақиқлаш, Афғонистонда яширинган ушбу террорчи гуруҳ раҳбарларини ҳибсга олиш ва уларни манфаатдор давлатларга, яъни Россия, АҚШ ва бошқа давлатларга топшириш ҳақидаги расмий баёнот тан олиниши учун яхши қадам бўлади. Ҳаракат уларнинг қаердалигини билади», — дея қўшимча қилган Мендкович.

Аввалроқ Россияда «Толибон» иштирокида ўтаётган учрашувда нималар муҳокама қилиниши ва «Толибон» ҳаракати қўшни давлатларга террористик ҳужум уюштирилиши эҳтимолини баҳолагани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз