Дунёда юзага келадиган иқтисодий инқироз биринчи навбатда қайси давлатларга таъсир қилиши мумкинлиги маълум бўлди. Бу ҳақда экспертлар хулосаларига таяниб, «Известия» хабар берди.

Фото: «Asian Trader»

Маълум қилинишича, пандемия, энергетика инқирози ва логистикадаги узилишлар туфайли бутун дунёда озиқ-овқат нархлари рекорд даражада ошган. Жаҳон бозорида озиқ-овқат нархларининг ошишига эса Хитойнинг озиқ-овқат маҳсулотларини катта миқдорда харид қилиши улкан ҳисса қўшмоқда.

Хитой расмийларининг таъкидлашича, мамлакатда мутлақо озиқ-овқат муаммоси йўқ. Бироқ, таҳлилчиларнинг фикрича, Хитойнинг ғалла сотиб олишга нисбатан «иштаҳаси» глобал таъминотни янада қисқартиради ва озиқ-овқат нархларининг барқарор ўсиши учун шароит яратади.

Маълумотларга кўра, бу ҳолатдан биринчи бўлиб Лотин Америкаси зарар кўради. Чунки бу ҳудудларда кенг тарқалган инфляция аллақачон аксарият товарлар нархининг ошишига олиб келган. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда ўн миллионлаб одамлар тўйиб овқатланмайди. Бразилия, АҚШ ва Канада ҳам инқирознинг потенциал қурбонлари сифатида қайд этилган.

«Хитойда заҳираларнинг тўпланиши дунёда озиқ-овқат нархининг ошиши сабабларидан биридир», — дейди Токио табиий ресурслар тадқиқот институти президенти Акио Шибата.

Аввалроқ БМТ дунёда янги глобал инқироз юзага келишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, иқлим ўзгаришининг янги оқибати очиқланган.