Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бўйича Бутунроссия илмий-тадқиқот институти Ерга 2029 йилнинг баҳорида диаметри деярли 400 метр, оғирлиги эса 30 тоннага яқин энг хавфли космик жисмлардан бири бўлган «Апофис» астероиди яқинлашишини маълум қилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: «Pixabay»

Тахминларга қараганда, космик объект Ерга деярли 38,4 минг километрга яқинлашади. Бу орбитага жойлаштирилган геостационар сунъий йўлдошлар билан деярли бир хил масофани англатади.

Қайд этилишича, «Апофис»нинг Ерга яқинлашиш тезлиги секундига 7,42 километрни ташкил қилади. Диаметри 393 метр ва оғирлиги тахминан 27 тонна бўлган космик жисмнинг Ер юзаси билан тўқнашуви пайтида ажралиб чиқадиган энергия 1717 мегатонни ташкил қилади. Бу 1961 йилда синовдан ўтказилган дунёдаги энг кучли совет термоядросининг портлаши пайтида чиқарилган энергиядан 30 баравар кўп ҳисобланади.

Шунингдек, маълумотларга қараганда, астероид қулаган жойдан 10 километр радиусда содир бўладиган зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 6,5 баллга етиши мумкин, шамол тезлиги секундига камида 790 метрни ташкил қилади.

Аввалроқ Ерга йилнинг энг катта астероиди яқинлашиши айтилганди. Шунингдек, Ерга ядровий бомбадан кучлироқ астероид ва инсоният тарихидаги энг катта комета яқинлашиши маълум қилинган.