Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга таҳдид қилди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Унинг сўзларига кўра, «Ислом инқилоби қўриқчилари» корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийни йўқ қилишга буйруқ берган АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп бутун дунё бўйлаб содир этган қотилликлари учун ҳақ тўлаганидан кейин «тарих ахлатхонасида» қолиб кетади.

Таъкидланишича, Эрон олий раҳбари бу ҳақда Қосим Сулаймоний ўлдирилганининг икки йиллиги арафасида эронлик генералнинг оиласи билан учрашув чоғида айтган ва Сулаймоний минтақа ёшлари орасида намунага айланганини қўшимча қилган.

«Қосим Сулаймонийнинг қотиллари — Трамп ва унга ўхшаган бошқалар — бутун дунё бўйлаб ўз қотилликлари учун катта тўлов тўлаганларидан кейин ўзини ‘тарих ахлатхонаси’да кўради», — дея таҳдид қилган Хоманаий.

Бундан ташқари, Эроннинг олий раҳнамоси АҚШнинг бошқа давлатлар, жумладан, Афғонистон ва Ироқдаги ҳаракатларига ҳам эътибор қаратган.

«АҚШ Афғонистондан қочиб кетди, Ироқда эса Америка контингенти маслаҳат гуруҳи даражасида қисқартирилди. Ироқлик биродарларимиз бу масалани диққат билан кузатиб бориши керак. Қаршилик фронти Яманда ҳам олдинга силжимоқда. Сурияда ҳам душманнинг келажакка умиди йўқ. Қаршилик жабҳаси бутун минтақада тобора кўпроқ умид уйғотмоқда», — деган у.

Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши

Сулаймоний 2020 йилнинг 3 январида Бағдод аэропортига қилинган ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Генерал бўлган карвонга ракета ҳужуми уюштириш буйруғи АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп томонидан берилган. Сулаймоний Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливия каби мамлакатларда Эрон сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири саналган.

Бир томондан, Сулаймоний АҚШга қарши курашган гуруҳлар қўмондони вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Ироқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда асосий шахс сифатида қатнашган. Бу борада Сулаймоний нафақат саркарда, балки яхши дипломат сифатида ҳам танилган.

Қосим Сулаймоний ҳам Оятуллоҳ Али Хоманаийдан кейин Эроннинг хавфсизлик сиёсатини шакллантиришда энг нуфузли шахслардан бири бўлган.

Аввалроқ Сулаймонийнинг ўлдирилишида Исроилнинг қўли борлиги маълум қилинганди. Шунингдек, Эрон ва Ироқ Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан қўшма баёнот имзолаганди.