Олимлар «омикрон» штами ўпкани қанчалик зарарлаши мумкинлигини маълум қилди

Янги «омикрон» коронавирус штами ўпкага SARS-CоV-2 вирусининг бошқа вариантларига қараганда камроқ таъсир қилиши боис хасталикнинг оғир шаклига чалиниш кўрсаткичи пастроқни ташкил қилади. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Фото: «Al Jazeera»

Маълум қилинишича, Вашингтон университети тиббиёт факультети, Медисондаги Висконсин университети ва Токио университетининг бир гуруҳ америкалик ҳамда япон олимлари юқоридаги каби хулосага келган. Ҳозирда экспертлар ҳамжамияти томонидан ушбу тадқиқот натижаси баҳоланмаган.

Таъкидланишича, олимлар сичқонлар ва денгиз чўчқачалари устида экспериментлар ўтказган ва «омикрон», асосан, юқори нафас йўлларига — бурун ва бурун-ҳалқум йўлига таъсир қилишини ва коронавируснинг бошқа штаммларига қараганда ўпкага камроқ тарқалишини аниқлаган.

Қайд этилишича, сичқонлар устида тадқиқот олиб борган Ливерпуль университети олимлари ҳам шундай хулосага келган.

Гонконг университети тадқиқотчилари эса «омикрон»нинг инсон тўқималари намуналарига таъсирини ўрганиб, нафас олиш йўлларидан олинган 12 та намунада вируснинг бу варианти «дельта»га қараганда секинроқ тарқалишини аниқлаган.

Аввалроқ ЖССТ дунёда электрон сигаретларнинг тарқалишини чеклашга чақирган. Шунингдек, ташкилот коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш бўйича янги режани эълон қилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз