ЖССТ раҳбари коронавирус пандемияси 2022 йилда тугашини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус 2022 йил коронавирус пандемиясининг сўнгги йили бўлиши мумкинлигини, аммо бунинг учун дунё давлатлари вакциналарни тарқатишдаги адолатсизлик ва тенгсизликка барҳам бериши кераклигини айтди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, ўзининг Янги йилги мурожаатида Гебрейесус «омикрон» штамининг пайдо бўлиши сабаби тор миллатчилик ва баъзи мамлакатлар томонидан вакциналарнинг ҳаддан ташқари кўп сотиб олиниши эканини айтган.

Таъкидланишича, ЖССТ яқинда ўз фуқароларига учинчи кучайтирувчи вакциналарни таклиф қилган дунёнинг бой мамлакатларини эса бир неча бор танқид қилган. Чунки кўплаб ҳудудларда аҳолининг муҳим қисми вакцинанинг биринчи дозасини ҳам олмаган.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, бу ёндашув «омикрон»нинг пайдо бўлиши учун идеал шароитларни яратган.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ коронавируснинг янги, хавфли варианти бўлган «омикрон» инфекциядан тўлиқ тузалмаган, иммунитети заиф одамда шаклланган бўлиши мумкинлигини илгари сурганди.

«Ушбу штаммнинг қаердан келиб чиққани номаълум, аммо кўриб чиқилаётган гипотезалардан бири шундаки, у вирусдан тўлиқ тузала олмаган ва организмида вирус сезиларли даражада кўпайган, иммунитети пасайган, инфекцияланган бемордан келиб чиққан бўлиши мумкин», — деган ЖССТ вакили.

Аввалроқ дунё аҳолиси коронавируснинг янги мутацияси хавфи ҳақида огоҳлантирилганди. Шунингдек, ЖССТ коронавируснинг асосий ташувчилари ким эканини маълум қилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз