Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни карикатура билан бошлаб, карикатура билан тугатамиз. Демак, уларнинг биринчиси Янги йил куни ўт ўчириш мосламаси портлатганларга бағишланади.

Тошкентда ўт ўчириш мосламасининг портлатилиши бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни аҳоли йиғилиб, қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатганди. Воқеа оқибатида уч киши — мушакбозликни тасвирга олаётганлар турли кўринишда жароҳанланганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан айбдорларга жиноят иши қўзғатди.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов «ўйиндан ўқ чиқарганлар»га атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Яхши янгилик: ўтган йилнинг март ойидан бери ковидга чалиниш бўйича энг паст кунлик кўрсаткич қайд этилди.

Эслатма: ўтган йил — 2021 йил, биз аллақачон 2022 йилдамиз, адаштириб юборган бўлсангиз, тўғри тушунамиз.

ССВ маълумотларига кўра, 1 январь куни 88 кишида коронавирус аниқланган. Шундай қилиб, жами зарарланганларнинг сони 82 нафар кам 200 мингга (199 118) етган. 2 январь кунги статистика эълон қилинса, катта эҳтимол билан, иккинчи юз минглик «марра забт этилади».

Ўзбекистоннинг (2021 йил) 11 ойдаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 37,9 миллиард долларга тенг бўлди. Сальдо — импорт ва экспорт орасидаги фарқ — 6,9 миллиард доллар.

Статистика қўмитаси ахборотига кўра, 2021 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 37,9 миллиард долларни ташкил қилган. Бунда экспортнинг улуши 15,5 миллиард долларни, импортники эса ундан 6,9 миллиард долларга кўпроқ — 22,4 миллиард долларни ташкил қилган.

Фото: «Bugun.uz»

Бу давр мобайнида 4 миллиард долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 7,4 миллиард долларлик машина ва транспорт асбоб-ускуналари импорт қилинган. Булар ушбу йўналишларда энг кўпи ҳисобланади.

Хитой раиси дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади. Хат тўла расмиятчилик, шу сабабли унга қисқача тўхталамиз.

Хитой раиси Си Цзиньпин 2 январь куни дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хитой раиси дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан табриклар экан, Ўзбекистон халқига самимий табриклар ва энг эзгу тилакларини билдирган. Шунингдек, у икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга алоҳида тўхталиб, Шавкат Мирзиёевга муваффақиятлар ва мустаҳкам соғлиқ ҳам тилаган.

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон» гиёҳванд моддалар савдосини тугатишга ваъда берган Афғонистонда ҳар ўн кишидан биттаси «наркоман» экани маълум бўлди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдул Бари Умарга кўра, аҳолининг қарийб ўндан бир қисми ҳар куни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади.

Фото: «Sputnik»

«Толибон» ҳаракати вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда яшовчи 39 миллион фуқаронинг 3,5 миллиони гиёҳвандлардир. «Уларнинг ҳар бири ҳар куни тахминан 3 долларлик гиёҳванд моддалардан фойдаланади», — дейди у.

Аввалроқ Афғонистонда гиёҳванд моддалар нархи кескин ошганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Афғонистонда гиёҳванд моддалар савдосини тугатишга ваъда берганди.

«Барселона»да коронавирус билан касалланмаган Лео Месси «ПСЖ»да уни юқтириб олди.

«ПСЖ» футболчилари Лионель Месси, Хуан Бернат, Серхио Рико ва Натан Битумазаланинг коронавирусга топширган тести ижобий натижа берган.

Фото: «Getty Images»

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, барча футболчилар ўз-ўзини изоляция қилиш тартибига риоя қилади ва амалдаги протокол талабларини бажаради.

Маълумот учун, Месси «ПСЖ»га ўтганидан кейин (2021 йил 11 август) Франция чемпионатининг 11 ўйинида иштирок этиб, 1 гол урди ва 4 та голли узатма амалга оширди.

Юқорида ваъда қилинган иккинчи карикатура айнан Мессининг коронавирусга чалиниши ҳақида.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.