Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 31 декабрь куни «Captiva» йўл четидаги икки кишини уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, С.Ш. исмли ҳайдовчи «Captiva» автомобилида ҳаракатланаётиб, руль бошқарувида чалғиган ва йўл четидаги пиёда ҳамда 75 ёшли велосипед ҳайдовчисини уриб юборган. Оқибатда велосипедчи А.Т. олган тан жароҳати билан шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда ҳайдовчи машинасида 2 пиёдани уриб, қочиб кетиши оқибатида жабрланувчилардан бири ҳалок бўлганди. Шунингдек, Тошкентда йўловчи автобуси бекат ёнида турган 2 пиёдани уриб юборгани хабар қилинган.