Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида кўп қаватли уйнинг ертўласида 1 январь куни ёнғин содир бўлди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @fvbuz

Қайд этилишича, ФВБ қисм диспетчерлик хизматига Чилонзор маҳалласи Тинчлик кўчаси 157-кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 15: 50 дақиқа ўтганда етиб борган. Соат 15:51 дақиқа ўтганда ёнғин қуршаб олинган ва соат 15:53 дақиқа ўтганда ёнғин бартараф қилинган.

Ёнғин натижасида кўп қаватли уйнинг 1-подезди тутун билан тўлган ва шу подезда жойлашган хонадонларда яшовчи 1956 йилда туғилган М.М., 1930 йилда туғилган И.Қ., 1999 йилда туғилган Х.Г. ва 2000 йилда туғилган М.Г 7-ЁҚҚ қутқарувчилари томонидан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги ҳаммомда 31 декабрь куни газ-ҳаво портлаши содир бўлганди. Ушбу ҳодиса оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.