Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари 10 январдан коронавирусга қарши эмланмаган фуқаролар учун янги чекловлар жорий қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Al Arabiya»

Маълум қилинишича, мазкур чеклов эмланмаган фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлашни ўз ичига олади. БАА Ташқи ишлар вазирлиги тақиқ барча учун баробар эканлигини эълон қилган. Шу билан бирга, ковидга қарши ўз вақтида қайта эмланмаганлар ҳам БААдан чиқиб кета олмаслиги қайд этилган.

Таъкидланишича, бундай чора бошқа мамлакатларда коронавирус билан касалланиш кўпайгани сабабли жорий этилмоқда. Бироқ қоидада истисно ҳолатлар ҳам мавжуд. Жумладан, даволаниш учун  ёки «гуманитар ҳолатларда» фуқароларнинг четга чиқишига рухсат берилади.

Аввалроқ Саудия Арабистони ҳукумати иккита муқаддас масжидда карантин чекловини қайта кучайтиргани хабар берилган. Шунингдек, Хитойда карантин қоидаларини бузганлар ноодатий тарзда жазолангани маълум қилинган.