Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугун — Ўзбекистонда дам олиш куни, яна бир кундан сўнг барча ходимлар учун иш куни. Дам олиш кунлари туфайли охирги кунларда Ўзбекистонга оид хабарлар кам, бизга ҳам (хабар қидирувчи ва ёзувчиларимизга) уни топиш қийин. Шу сабабли бугунги дайжестни «охиридан тепага» қараб бошлаймиз, яъни жаҳон хабарлари биринчи бўлади, кейин ўзбек хабарлари.

Қора денгиз сариқ тусга кирди. Табиийки, аввал у қора бўлмаган. 

Олимларнинг таъкидлашича, бу ғайриоддий ҳодиса эмас ва ваҳима қилишнинг ҳеч қандай сабаби йўқ. Қрим Фанлар академияси президенти, эколог Виктор Тарасенко соҳилнинг айнан мана шу (Қримнинг Евпатория шаҳри яқинидаги) қисми «Қрим олтин қумлари» номини олганини эслаган. Жумладан, у олтин таркибидаги лой сабабли сув шундай тусга кирганини айтган.

Шу кунларда Қримда кучли ёмғир кузатилиб, шамол тезлиги секундига 25 метрни ташкил қилмоқда. Бунинг натижасида чўкинди жинслар сув остидан кўтарилиб, қирғоққа ювилмоқда. Бўрон пасайганда чўкиндилар сув тубига тушиши ва денгиз ўз рангига қайтиши айтилган.

«Толибон» савдогарларга барча манекенларнинг бошини кесишни буюрди. Толиблар манекенларни санам деб ҳисобламоқда.

«Толибон» Ҳирот вилоятида кийим-кечак савдоси биалн шуғулланувчи дўкон эгаларига барча манекенларнинг бошини олиб ташлашни буюрди. Бу талабга «Толибон» расмийларининг манекенларни санамлар деб ҳисоблагани сабаб бўлган. Талаб «Толибон»нинг Ислом динини назорат қилиш учун масъул бўлган Ҳирот вазирлиги томонидан эълон қилинган.

Фото: «Reuters»

Дастлаб бўлим дўкон эгаларига манекенларни бутунлай олиб ташлашни буюрган, бироқ улар бунга рози бўлмаган ва бу қадам катта молиявий йўқотишларга олиб келишини айтган. Савдогарларнинг сўзларига кўра, ҳар бир манекен 100, 80 ёки 70 доллар туради. Савдогарларнинг шикояти вазирлик бошлиғи Шайх Азизу-Раҳмоннинг фикрини ўзгартиришга ва кўпроқ «муросавий» буйруқ чиқаришга — манекенларнинг бошини кесишга ундаган.

«Толибон» Ўзбекистондан 2022 йил учун 100 миллион долларлик электр энергияси сотиб ол(а)ди.

«Толибон» ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистондан 2022 йил учун 169 миллион долларга электр энергияси сотиб олди. Бу ҳақда Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси вакили Ҳикматуллоҳ Нурзай хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Тожикистон Афғонистонга қиймати 69 миллион долларга тенг 1,5 миллиард киловатт-соат, Ўзбекистон эса қиймати 100 миллион долларга тенг 2 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб беради.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Миллий электр тармоқлари акциядорлик жамияти Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси билан 2019 йилда тузилган шартнома асосида Афғонистонга электр энергияси етказиб беради. 10 йилга имзоланган ҳужжатга кўра, етказиб беришнинг йиллик ҳажми 6 миллиард киловатт/соат электр энергиясини ташкил қилиши керак. Аммо DABSʼнинг Марказий Осиё экспортчилари олдидаги қарзи билан боғлиқ вазият (қарийб 100 миллион долларга яқинлашмоқда) номаълумлигича қолмоқда.

Хўш, Ўзбекистонда нима гап?

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг январь–ноябрь ойларида 37,9 миллиард долларни ташкил қилганди. Маълум бўлишича, ундаги улуши энг кўп давлатлар — Хитой, Россий ва Қозоғистон.

Фото: «Bugun.uz»

Статистика қўмитасининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ушбу даврдаги ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга давлатлар рўйхатида кучли учликни Хитой, Россия ва Қозоғистон эгаллаган. Улар билан қуйидаги суммаларда экспорт ва импорт алоқаларни ўрнатилган:

Хитой — 6,7 миллиард:

  • экспорт — 2,3 миллиард;
  • импорт — 4,4 миллиард.

Россия — 6,6 миллиард:

  • экспорт — 1,9 миллиард;
  • импорт — 4,7 миллиард.

Қозоғистон — 3,5 миллиард:

  • экспорт — 1,0 миллиард;
  • импорт — 2,5 миллиард.

Фарғонанинг барча туман ва шаҳар ҳокимлари 2 ҳафталик таътилга чиқди. Улар Ялтада дам олиши мумкин.

Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари ҳокимлари 2022 йил 1 январдан 15 январгача таътилга чиқди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев барча маҳаллий ҳокимлик ҳамда сектор раҳбарларининг меҳнат таътилига чиқиши ва даволанишини 2 босқичда ўтказишни маъқуллаган. Шунга мувофиқ, биринчи босқичда таътилга чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинчалик ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилди. Ўринбосарлар 17 январдан таътилга чиқади.

Шаҳар ва туман ҳокимлари Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон ва 2-сон шифохоналари, «Қибрай», Россиядаги Ўзбекистон ва Ялта ҳамда Касаба уюшмалари федерациясининг «Чинобод Плаза», «Турон» ва «Оқтош» санаторийларида соғлиғини тиклайди.

Шунга мувофиқ, биринчи босқичда таътилга чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинчалик ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилди. Ўринбосарлар 17 январдан таътилга чиқади.

Нима ҳам дердик, яхши дам олинглар!

Ўзбекистон аҳолиси комета учишини кузатиши мумкин. Кимлардир кўриб бўлгандир ҳам.

Марказий Осиё аҳолиси 3 январь, душанба куни «C / 2021 А1» (Леонард) кометасини кузатиш имконига эга бўлади.

Фото: «Shutterstock»

Мазкур комета Қуёш билан масофасини минимал 92 миллион километрга (0,62 астрономик бирлик) қисқартиради, шундан сўнг у Қуёш тизимини тарк этади. Москва планетарийси вакилларининг таъкидлашича, астрономик ҳодисани кузатишни хоҳловчиларга дурбин ва телескоплар керак бўлади.

«Комета аллақачон бир нечта чақнашларни юзага келтириб, чиройли думга эга бўлган. Ҳозир у Россия жанубида, Украина, Молдова, Кавказ ва Марказий Осиёда тунги осмонда кўринади. Кометани Қуёш ботишидан тахминан 50 дақиқадан сўнг кузатиш мумкин бўлади», дейилади хабарда.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов бевосита ушбу хабарга алоқадор ва унчалик ҳам боғлиқ бўлмаган карикатура чизди. Қарши олинг, Ҳабикатурадан комета!

Карикатура: Ҳабибулло Мўйдинов / «Bugun.uz»

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.