Бухоро вилояти Вобкент туманида 3 январь куни ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси ёниб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, ҳодиса соат 14:20 атрофида туман ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 241-километрида содир бўлган. Аниқланишича, ҳайдовчи «Hyundai-Porter» юк машинасини бошқариб кетаётганда салонда ёнғин юзага келган ва у машинани зудлик билан тўхтатган. Ёнғин ўт учирувчилар томонидан бартараф этилган.

Ҳодисада тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Транспорт воситасига зарар етган. Мазкур ҳодиса юзасидан Вобкент тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда юк машинаси қисқа туташув оқибатида ёниб кетгани хабар қилинганди.