Эроннинг БМТдаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчи БМТ Хавфсизлик Кенгашидан АҚШ ва Исроилни генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши бўйича жавобгарликка тортишга чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, мазкур мурожаат Раванчининг Хавфсизлик Кенгаши раисига йўллаган мактубида келтирилган. Мактуб Сулаймоний ўлдирилганининг икки йиллиги муносабати билан жўнатилган.

«Халқаро тинчлик ва хавфсизликка оид ушбу террористик ҳужумнинг даҳшатли оқибатларини ҳисобга олиб, Хавфсизлик Кенгаши қонун билан белгиланган мажбуриятларини бажариши ва АҚШ ҳамда Исроил режимини ушбу терактни режалаштириш, қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш учун жавобгарликка тортиши керак», — дейди Раванчи.

Шунингдек, расмий Сулаймоний халқаро терроризмга қарши курашда муҳим роль ўйнагани, шунинг учун унинг ўлдирилиши ИШИД ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тан олинган бошқа террористик гуруҳлар учун «катта совға» бўлганини қайд этган. БМТ вакили Эрон ҳарбийлари Сулаймоний йўлини давом эттиришга, минтақа давлатлари ва ҳукуматларига уларнинг сўровларига кўра, хориж томонидан қўллаб-қувватланаётган террористик гуруҳларга қарши курашишга фаол ёрдам беришга тайёрлигини айтган.

Маълумот учун, 2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция натижасида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРҚК) қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлдирилган. Вашингтонда улар 2019 йил 31 декабрь куни Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум уюштиришда иштирок этган деб тахмин қилинади. Эрон бунга жавобан АҚШнинг Ироқдаги базаларига, жумладан, Айн ал-Ассадга зарба берган.

Аввалроқ Эрон ва Ироқ Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан қўшма баёнот имзолаганди. Шунингдек, Сулаймонийнинг ўлдирилишида Исроилнинг қўли борлиги маълум қилинган.