Гаити бош вазири Ариэль Анри 2 январь куни Шимолий Гонаив шаҳридаги черковдан чиқиб кетаётганда қуролли ҳужумга учради. Бу ҳақда «Republic World» хабар берди.

Фото: «EPA»

Маълум қилинишича, ҳодиса Гаити мустақиллигининг 218 йиллигига бағишланган маросимда бўлиб ўтган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан аввалроқ мамлакат бош вазирини Гонаив шаҳридаги тадбирларда қатнашмаслик бўйича огоҳлантирилган. Анрига нисбатан уюштирилган суиқасд акс этган видеода бош вазир черковдан ташқарига чиққани, ўқлар овози эшитилгани ҳамда қўриқчилар вазирни бинога олиб киргани тасвирланган.

Таъкидланишича, отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган. Анрининг ўзига зарар етмаган.

Эслатиб ўтамиз, Гаити президенти Жовенель Моиз 7 июлга ўтар кечаси қароргоҳига қилинган ҳужум оқибатида ўлганди. Унинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам ҳужумдан жароҳатланган ҳамда эри нима сабабдан ўлдирилганини маълум қилган. Гаити ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 28 гумонланувчининг шахсини аниқлаганини, уларнинг 26 нафари Колумбия фуқаролари эканини хабар берганди. Гаити президентини ўлдирганларни топганга 60 минг доллар ваъда қилинган.