Исроил полицияси Ҳамаснинг юқори мартабали амалдорини терроризмни тарғиб қилганликда айблаб, ҳибсга олди. Бу ҳақда «World Israel News» хабар берди.

Фото: «Middle East Monitor»

Маълум қилинишича, мазкур айблов Хамас асосчиларидан бири Ҳасан Юсуфга тегишли бўлиб, у Ҳамаснинг Яҳудия ва Самариядаги раҳбарларидан бири ҳисобланади. Исроил полицияси 2 январь куни террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлаганлик бўйича олиб борилган тергов якунланганини эълон қилган. Бу ҳафта ҳарбий прокуратура унга қарши айблов хулосасини эълон қилади.

Таъкидланишича, Юсуф 13 декабрь куни сўроқ қилиш учун қўлга олинган ва тергов ҳаракатларини якунлаш учун ҳибсга олиш муддати узайтирилган. Мазкур терговга Исроилнинг Қуддус шаҳрида 21 ноябрь куни фаластинлик экани айтилган номаълум эркакнинг отишма содир этгани сабаб бўлган.

«The Jerusalem Post» хабарига кўра, ҳужумчи 42 ёшли фаластинлик Фади Абу Шкҳейдам бўлиб, Ҳамаснинг аъзоси сифатида танилган. Ҳодиса оқибатида 1 нафар исроиллик ҳалок бўлган, 3 киши яраланган, ҳужумчи эса зарарсизлантирилган. Ҳолат юзасидан Исроил бош вазири Нафтали Бенет Қуддус ҳудудида ҳарбий тайёргарлик даражасини ошириш бўйича кўрсатма берган.

Аввалроқ Фаластиндаги Ҳамас гуруҳини қайси давлат молиялаштириши маълум бўлганди. Шунингдек, Исроил фаластинликларни кузатиш тизимини ишга туширгани ҳақида хабар берилган.