Коронавирусга чалинган болаларда нафас олишда кузатиладиган ўзгаришлардан ташқари, «ковид бармоқлари» (қўлнинг музлашига ўхшаш жараён) аломати ҳам кузатилиши мумкин. Бу ҳақда «Роспотребнадзор» марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, юқумли касалликлар миллий илмий жамияти раиси Александр Горелов хабар берди.

Фото: «Associated Press»

Вирусологнинг сўзларига кўра, вояга етмаганлар ошқозон-ичак трактининг бузилишини бошдан кечириши мумкин ва улар ковид билан касаллангандан кейин буйраклар, жигар, юрак-қон томир тизими, нафас олиш тизими билан боғлиқ муаммоларга ҳам дуч келади.

«Яқинда олимлар ‘ковид бармоқлариʼ деб аталадиган аломат, яъни бармоқларнинг музлашига ўхшаш ковиддан кейинги асоратни аниқлади», — деган Горелов.

Унинг таъкидлашича, пневмония кўпинча етти ёшдан ошган болаларда учрайди, ўсмирларда эса ўпканинг зарарланиши катталардаги каби бўлиши мумкин. Касаллик бир ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларда оғир кечади, шунингдек, сурункали ёки туғма хаста бўлган болалар ҳам бу тоифага киради.

Аввалроқ британиялик олим «омикрон» штамининг болаларда кузатилаётган ноодатий аломатини аниқлаганди.