Марказий Осиё аҳолиси 3 январь, душанба куни «C / 2021 А1» (Леонард) кометасини кузатиш имконига эга бўлади. Бу ҳақда Москва планетарийсига таяниб, «ТАCC» хабар берди.

Фото: «Profile.ru»

Маълум қилинишича, мазкур комета Қуёш билан масофасини минимал 92 миллион километрга (0,62 астрономик бирлик) қисқартиради, шундан сўнг у Қуёш тизимини тарк этади. Таъкидланишича, комета 2021 йил декабрь ойи ўрталарида Ердан 35 миллион километр узоқликда учиб ўтган ва Венерага яқинлашган.

«Комета аллақачон бир нечта чақнашларни юзага келтириб, чиройли думга эга бўлган. Ҳозир у Россия жанубида, Украина, Молдова, Кавказ ва Марказий Осиёда тунги осмонда кўринади. Кометани Қуёш ботишидан тахминан 50 дақиқадан сўнг кузатиш мумкин бўлади», дейилади хабарда.

Москва планетарийси вакилларининг таъкидлашича, астрономик ҳодисани кузатишни хоҳловчиларга дурбин ва телескоплар керак бўлади.

Аввалроқ дунё бўйлаб кузатилган супер Ой ҳодисасининг суратлари эълон қилинганди. Шунингдек, Қуёш тутилишининг видеоси намойиш қилинган.